Тез орада ер юзидан йўқ бўлиб кетадиган мамлакатлар номи айтилди
Глобал исиш музларнинг эриши ва денгиз сатҳининг кўтарилиши туфайли бир қанча орол-давлатларнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келади.
Иқлим ўзгаришидан зарар кўриши мумкин бўлган ҳудудларга Кирибати, Тувалу ва Маршалл ороллари киради.
Кирибатидаги глобал экологик ноҳукумат ташкилоти - Climate Action Networkнинг маълум қилишича, Глазгодаги БМТ саммити орол давлати учун ҳаётий муҳим воқеадир. У денгиз сатҳининг кўтарилиши ва кучайиб бораётган тропик бўронлар минтақадаги одамлар ҳаёти ва қишлоқ хўжалигига таҳдид солади.
"Гап бир марта содир бўладиган воқеалар ҳақида эмас. Гап уйларимизни тўлиқ «ютиб юбориши» мумкин бўлган табиий ҳодиса ҳақида кетмоқда", дейилади ҳисоботда.
Нашрнинг ёзишича, Кирибатининг собиқ президенти Аноте Тонг Глазгодаги CОP26 саммитида иқлим ўзгариши мамлакати учун таҳдид солаётгани ҳақида нутқ сўзлади. У шунингдек, Австралиянинг бу соҳадаги сиёсатини танқид қилган.
Энг йирик мегаполислардан бири сув остида қолади
Индонезия пойтахти ва унинг энг йирик мегаполиси - Жакарта эса 2050 йилга келиб сувга ғарқ бўлиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, глобал исиш оқибатларини камайтириш учун зарур чоралар кўрилмаса, аср ўрталарига келиб шаҳарнинг камида 25 фоизи сув остида қолади.
Ҳароратнинг ошиши сайёранинг уч музлик минтақаси: Антарктика, Гренландия ва Ҳимолай тоғларини эришига олиб келмоқда. Бу аста-секин океанлар даражасини ошириб, Ернинг қирғоқбўйи ҳудудларини хавф остига қўймоқда. Иқлим ўзгариши натижасида юзага келган кучли циклонлар ва сув тошқини, шунингдек, кучли ёмғир вазиятни янада ёмонлаштиради.
Болгария қишлоқ хўжалиги университети томонидан олиб борилган сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, 2019-2020 йилларда Жакартанинг турли қисмлари 1,8-10,7 сантиметрга сув остида қолиш хавфида эди. Ушбу ҳодисанинг сабабларидан бири шаҳар аҳолисининг ер ости сувларидан оммавий фойдаланишидир. Бу мамлакат пойтахти остида бўшлиқларни вужудга келтириб, тупроқ чўкишига олиб келади. Энг хавфлиси - Жаҳон океани даражаси ўсиб бормоқда: ҳозир у 1900 йилга нисбатан 13-20 сантиметр ошди.
Мақолада қайд этилишича, АҚШ президенти Жо Байден июль ойида Индонезияга пойтахтни ўн йил ичида бошқа жойга кўчиришни маслаҳат берган, чунки Жакарта иқлим ўзгариши сабабли сув остида қолиши мумкин.
Олимлар Ердаги глобал исишни юмшатиш зарурлигини бир неча бор таъкидлаб келишади. Бунинг учун 190 дан ортиқ давлат сайёрадаги ҳароратни бир ярим-икки даражагача ушлаб туришни назарда тутувчи Париж келишувини имзолади. Ҳужжат қазиб олинадиган ёқилғидан бутунлай воз кечишни назарда тутмайди, бироқ давлатлар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш чораларини кўришга даъват этади.
Г.Холдорова тайёрлади.