Тез орада Самарқанд шаҳри кўчалари замонавий қиёфага киради

Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги йўлларда кечаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари кўпчилик ҳайдовчи ва йўловчиларга ноқулайлик туғдиряпти. Аммо бу вақтинчалик ҳолат. Чунки ҳадемай шаҳарнинг Рудакий, Жомий, Фирдавсий, Ўзбекистон, Бўстонсарой каби ўндан ортиқ кўчаларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари якунига етади.
Айни кунларда Беруний ва Рудакий кўчалари кесишмасидан Шоҳи Зинда мажмуасигача бўлган автомобиль йўлини таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУКга қарашли “JM ТЕCНО” корхонаси томонидан кўчанинг 1000 метрдан зиёд қисмига асфальт ётқизилди.
- Пиёдалар йўлагининг икки тарафи 1 километрдан зиёд масофада таъмирланиб, трамвай линиялари ўрнатиш ишлари ҳам тўлиқ бажарилди, - дейди хусусий корхона директори Алишер Козимов. - Ишчиларимиз 3,25 метрлик пиёдалар ва велойўлакларга 6129 метр квадрат ҳажмдаги бетон плиталар теряпти. Махсус техникаларимиз ёрдамида асфальт қопламалари кесилиб, мослаштирилмоқда. 1800 метр ирригация тармоқлари, яъни бетон лотоклар ётқизилди. Пиёдалар ва машиналар ўтадиган қисмларига темир қувурлар ўрнатилмоқда.
Бўстонсарой кўчасидан ўтган Чашма ариғининг кўприги “Тошкўприкқурилиш” МЧЖ томонидан мукаммал таъмирланмоқда. Корхонанинг 100 нафардан ортиқ муҳандис-қурувчилари 20 та махсус техника ёрдамида узунлиги 5х5 метрлик сув ўтказгич, яъни коллектор қуришмоқда.
- Мазкур кўчани кесиб ўтган Чашма ариғига янги кўприк қурилади, - дейди “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК бош муҳандиси Собир Абдураимов. - Ушбу йўлнинг ҳам баландлиги 6 метрга кўтарилиб, деярли барча қисмлари тенглаштирилади. Автомобиллар ҳаракатланадиган қисми 6 қаторли бўлиб, шу ҳудудда яшовчи аҳолининг автомобиллар оқимига халал бермасдан ҳаракатланишлари учун кўчанинг икки томонидан маҳалла ичига кирувчи ички қўшимча йўл ҳам барпо этиш кўзда тутилган.
Кўчанинг У.Турсунов кўчаси кесишмасидан бошлаб Чашма ариғигача бўлган қисмидаги қиялик 3-4 метргача пасайтирилди. Шунингдек, йўл ёқасидаги 20 дан зиёд аҳоли хонадонлари кўчирилиб, улар ўрнида меҳмонхона, савдо дўконлари, ресторан, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилмоқда.
- Бўстонсарой кўчаси илгари 14 метрни ташкил этган бўлса, энди фақат автомобиль йўлининг кенглиги 27 метрга боради, - дейди «New-Tech Samarkand» МЧЖ мутахассиси Жамол Раҳимов. – Сувоқова тизими тортилиб, 2,20 метр яшил майдон ва манзарали дарахтлар экилади, 2 метр кенгликда пиёда ва велойўлаклар қурилгач, кўчанинг жами кенглиги 45 метрга етади. Лойиҳа бўйича декабрь ойида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган мазкур объектда корхонанинг 20 дан зиёд ишчилари ва махсус техникалари меҳнат қилмоқда.
Шаҳарнинг Фирдавсий кўчасидан Сўлим шаҳарчасигача бўлган 9 километрлик масофада ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. “Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш” ДУК томонидан ҳозиргача 1 километр масофада тупроқ ишлари бажарилиб, тош тўкиб текисланди. Кўчанинг умумий кенглиги 18 метрга етказилиб, автомашиналар учун 4 қаторли йўл бўлади.
- Кўчанинг 500 метр қисмининг икки ёнига бетон лотоклар, тунги ёритиш чироқлари асослари ўрнатилди, - дейди корхона иш бошқарувчиси Ориф Ҳотамов. - 50 га яқин хонадонга табиий газ, алоқа ва электр энергияси тармоқлари тортилди. Йўлнинг икки четига манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди. 5 миллиард сўмлик реконструкция ишларини олиб бориш режалаштирилган кўча босқичма босқич фойдаланишга топширилади.
Юқорида иш жараёни қизғин кечаётган йўллар жорий йил якунига қадар замонавий кўчаларга айланиб, аҳоли учун янада қулайликлар яратади.
Дилмурод Тўхтаев.