«Тез тиббий ёрдам»га ёрдам: Самарқандда тез тиббий ёрдам станцияси негизида симуляция маркази очилди

Хориж фильмларида кўп кузатгансиз, фавқулодда ҳолатларда, киши бирдан оғир аҳволга тушганда тез тиббий ёрдам машинасининг ўзида ёки фалокат юз берган жойда беморга малакали биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳаёти сақлаб қолинади.
Бизда ҳам аста секин бу борадаги қадамлар ташланмоқда. Самарқанд шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси негизида симуляция марказининг очилиши тез тиббий ёрдам тизимида ўзига хос янгилик бўлди.

Тез тиббий ёрдам хизмати шифокор ва фельдшерларини ўқитиш учун мўлжалланган ўқув хоналаридаги муляжларни клиник ўлим ҳолатидан чиқариш учун шифокорлар бор маҳоратини ишга солиши керак. Муляж тезкор кўрилган чора-тадбирлар натижасида нафақат ўзига келади, балки нафас ҳам ола бошлайди, юрак уриши, қон босимини ўлчаб, шифокор нечоғлик тўғри муолажа олиб борганини аниқлаш мумкин. Муолажа нотўғри бўлса, муляж табиийки, «ҳаёт билан видолашади».

Суҳроб Зайниев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

- “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони, шунингдек, тизимга оид учта қарори билан шошилинч тиббий ёрдамни янада ривожлантириш йўналишлари белгиланган. Мазкур ҳужжатларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида таълим сифати ва тиббиёт кадрларини тайёрлаш даражасини ошириш муҳимлиги таъкидланган.

Шунингдек, ушбу ҳужжатларда Жанубий корея соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли бўлган KOFIH жамғармаси билан ҳамкорликда мамлакат миқёсида “Касалхонагача шошилинч тиббий ёрдам салоҳиятини ошириш” грант лойиҳасини имзолаш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳанинг умумий бюджети 2,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Илк шу каби симуляцион марказ пойтахтда ташкил этилган бўлса, иккинчиси Самарқандда очилади.

Марказда фаолият олиб борувчи тренерлар Кореянинг Инже университети олимлари томонидан ўқитилган. Кейинги босқичда замонавий тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларини кўпайтириш режалаштирилган.

Гулруҳ МЎМИНОВА.