Тиббиёт клиникасининг янги биноси, замонавийлашаётган театр биноси

Самарқанд қурилишида қандай ўзгаришлар бўляпти?

Вилоят мусиқали драма театрига Испаниядан ўриндиқлар келтирилади. Самарқанд давлат тиббиёт институти 1-сон клиникасининг янги қурилаётган биносида жигар ва буйрак кўчириб ўтказиш ва жарроҳлик амалиётларини кузатиб бориш имконияти яратилади.

Вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан уюштирилган пресс-турда янги қурилиш объектлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Дастлаб журналистлар вилоят мусиқали драма театри биносида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари билан танишди.
2021 йил октябрь ойида объектда лойиҳа асосида ишлар бошланган. Қиймати 87 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида ташқи ва ички пардоз ишлари, иситиш, совутиш, ҳаво алмаштириш, сув, канализация тизимлари тўлиқ реконструкция қилинмоқда. Бино ташқи қисми замонавий тошлар билан қопланса, кириш ҳовлиси Ғозғон мармарлари, ички қисми гранит ва кафел билан безатилади. Асосийси, ишлатилаётган материалларнинг аксарияти ўзимизда ишлаб чиқарилган ҳамда саҳна ва саҳна орти учун ишлатиладиган материаллар хориждан келтирилмоқда.

- Театр талабидан келиб чиқиб зал шовқинни камайтирувчи материаллар билан қопланади, Испаниядан ўриндиқлар келтириш борасида келишувлар амалга оширилмоқда, - дейди лойиҳа бош муҳандиси Анвар Аҳмедов. – Кириш қисмида миллий анъаналар уйғунлашган ганчкорлик намуналаридан фойдаланяпмиз. Саҳна пардалари Бухоро вилоятидаги “Заркон” корхонасида тайёрланади, ёритиш, овоз кучайтириш, саҳна механика тизимларига Япония, АҚШ, Хитой давлатларидан келтириладиган жиҳозлар ўрнатилиб, 2022 йил августда фойдаланишга топширилади.
Аввал қиш фаслида театрга маданий ҳордиқ олиш учун кирган томошабин спектаклдан маънавий озуқа олиш ўрнига совуқда шамоллаб қолишдан кўпроқ ташвиш чекарди. Таъмирлаш жараёнида бу муаммо ечимига ҳам алоҳида ёндашилган. Театрга Япониянинг илғор компанияларида ишлаб чиқарилган ускуналар ўрнатилиб, бинода қишда иссиқ, ёзда 20-23 даражагача ҳавони таъминлаш имконияти яратилади.

Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 1-сон клиникаси майдони 4,5 гектарни ташкил этади. Клиникадаги терапия ва туғруқ бўлимлари қурилганига қарийб 100 йил бўлган. Эндиликда бу ерда 55,5 миллиард сўмлик лойиҳа асосида ўқув ва амалиётни бир жойда ўтказишга мўлжалланган янги бино қурилмоқда.

- Бу ерда 200 ўринли хирургия бўлими ва институтнинг 6 кафедраси учун бино қурилмоқда, - дейди “Сам Тиб лойиҳа” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шораҳим Шораҳимов. – Бино қурилишида тиббиёт ходимлари, муҳандислар билан келишган ҳолда лойиҳа ишлаб чиқдик. 4 қаватдан иборат янги бинонинг 3 қавати даволаш ва тўртинчи қаватида реанимация бўлими, жигар ва буйрак транспонтология бўлимлари жойлашади. Биномиз 2022 йил ноябрь ойида фойдаланишга топширилади. Бу ерда талабалар жарроҳлик амалиётини онлайн кузатиб бориши, олган назарий билимларини шу ернинг ўзида амалиётда мустаҳкамлаб олишлари учун шароит яратилади.

Шундан сўнг журналистларга “Sam Texno Stroy Invest” масъулияти чекланган жамияти офисида лойиҳалар тайёрланиши, жамият қошидаги қурилиш кластери фаолияти бўйича маълумотлар берилди. Дарвоқе, юқорида кўрган объектлардаги қурилиш ишлари мазкур жамият қурувчилари томонидан олиб борилмоқда.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.