Тиббиёт муассасаси ижтимоий реабилитация марказига айланяпти

*Аввал фақат дори-дармон ёзиларди ёки операцияга тавсия этиларди, ҳозир вазият ўзгарди;
*Қошиқ ушлашни ҳам ўргатиш керак;
*Ногиронлиги бўлган кишиларга ҳамма хизмат бепул;
*Умуртқа, бўғин хасталиклари дангасалигимиз туфайли
Реабилитация маркази ногиронлиги бор шахсларга хизмат кўрсатадиган бир қатор ташкилотлар сингари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилди. Эндиликда ушбу маскан иш фаолияти илгаригидан бирмунча фарқ қилади.
Самарқандликлар орасида “Лимонадкаги больница” номи билан машҳур вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази шу йилларга қадар таянч-ҳаракат тизимида муаммоси бор беморлар ҳамда ички хасталиклар билан оғриган беморларни замонавий усулларда даволаб, жарроҳлик амалиётлари бажарилар эди. Бугун ҳам ушбу масканда зарур амалиётлар бажарилмоқда, аммо асосий урғу бошқа йўналишларга қаратилган. Шу масалалар ҳақида вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази раҳбари Акрам Бердиев билан суҳбатлашдик.
150 ўринга мўлжалланган марказимизда бугунги кунда 30 нафар шифокор фаолият юритади, - дейди А.Бердиев. - Марказда асосан Низомга кўра, таянч ҳаракатида муаммоси бор, асаб касалликлари, ички касалликлар, асаб хасталиклари билан оғриган беморлар даволанади. Шунингдек, 10 ўринли болалар ортопедияси бўлими ҳам мавжуд. 150 ўринга мўлжалланган шифохонамизнинг 70 ўрни ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиб, уларга барчаси, хусусан, тиббий хизматдан тортиб, дори-дармон, овқатланишгача бўлган хизматлар бепул амалга оширилади. Қолган 70 ўринда пуллик хизмат йўлга қўйилган, уларда ҳам асосан юқорида айтилган хасталик билан оғриган беморларга ёрдам кўрсатилади.
Марказнинг ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига ўтказилиши қандай ўзгариш ва янгиликларга сабаб бўлди?
- Муассасамизда шу пайтга қадар беморлар консерватив ва оператив йўл билан даволанарди. Оддий ва мураккаб операция йўли билан даволаниш оператив даволаниш ҳисобланади. Унга анъанавий операциядан тортиб энг мураккаб, замонавий жарроҳлик амалиётлари, жумладан, умуртқа поғонасининг турли этиологияли емирилиш касалликлари, дегенератив, йирик бўғимларни алмаштириш, бўғимларни ортроскопик усулда даволаш, ортопедик нуқсонлари бор беморларни даволаш киради. Шунингдек, кейинги йилларда нейрохирургик ёрдам ташкил этилди. Эндиликда марказда бош миядаги жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилмоқда. Қатор янги тиббий жиҳозлар келтирилди. Айниқса, 2019 йилда республикадаги реабилитация марказлари орасида биринчилардан бўлиб МРТ аппаратининг келтирилиши ногиронлиги бўлган шахсларга ташхис қўйишда айни муддао бўлди. Сабаби, унгача бу беморларимиз ушбу ускунага эҳтиёж бўлганда (таянч ҳаракат тизимида муаммо бўлгач, деярли ҳар бирида эҳтиёж бўлган) бошқа тиббиёт муассасаларига, пуллик хизматдан фойдаланишига ёки қатор сарсонгарчиликларга дучор бўлишарди. Бу каби ўнлаб тиббий жиҳозлар бугун ногиронлиги бўлган шахсларни самарали даволашда қўлланилмоқда.
Кейинги пайтда айнан консерватив даволаниш, яъни тиббий реабилитация жараёни тубдан ўзгаряпти. Даволаш, операция тиббиёт муассасаларининг вазифаси. Бугун бизга қўйилаётган асосий талаб барча зарур тиббий муолажалардан сўнг беморни ҳаракатланиш, аввалги турмуш тарзига қайтишга кўмаклашишдан иборат бўлмоқда. Муассасамизда вақтинча тўшакка михланиб қолган беморларни ҳаётга мослаштириш, ўзини ўзи бошқаришни ўрганиш учун ижтимоий реабилитация қилиш татбиқ этила бошланди. Илгари марказга келган беморларга ташхис қўйиларди, зарур дори-дармон ва муолажалар олиб борилиб, зарур бўлса, операция ҳамда икки-уч хил физиотерапия муолажалари қўлланиларди. Бугунга келиб ҳар бир бемор, айниқса, ногиронлиги бўлган беморларга тўлиқ ижтимоий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмоқда. Марказда ҳуқуқшунос, психолог ва физиотерапиялар инструкторлари каби мутахассислар фаолият олиб бориб, улар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётда дуч келган муаммоларига ечим топишга ҳаракат қилмоқда. Улар билан индивидуал шуғулланилмоқда, ногиронлиги бўлган шахсларни функционал баҳолаб, яшаш қобилиятига эга бўлиши учун даволашнинг ижтимоий томонларига эътибор қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан марказда замонавий ЛФК (жисмоний ҳаракатлар ёрдамида даволаш) хонаси, эрготерапия хонаси, нейрореабилитация хонаси ташкил этилди.
- Ушбу хоналарда беморларнинг даволаниши учун қандай ҳаракатлар амалга оширилади, уларнинг аввалги физиотерапиялардан фарқи нимада?
- Янги йўналишлар, аввало, шу пайтгача марказимизда мавжуд бўлмаган ускуналар билан бошланган. Ушбу ускуналар умумий физиологик аҳволга эмас, балки инсон организмининг айнан бир қисмига самарали таъсир кўрсатади. Дейлик, у ёки бу касаллик туфайли беморнинг қошиқ ушлаш функцияси йўқолса, шунга урғу берилади. Ёки янги келтирилган вертикализатор аппарати орқали узоқ муддат тўшакда михланиб ётган беморни вертикал ҳолатга келтириш мумкин. Бунинг натижасида ундаги моддалар алмашинуви яхшиланади, ҳаракат қилишга интилади, ҳаётга нисбатан қизиқиши ортади. Эрготерапия эса реабилитациянинг замонавий усулларидан бири бўлиб, беморларни ҳаракатлар билан даволашни назарда тутади. Марказда эрготерапия шартларига тўғри келадиган барча ускуналар мавжуд. Бунда бемор ўз-ўзини бошқара олмайдиган ҳолатда ҳам кундалик ўрганади ҳаётида лозим бўладиган оддий хатти-ҳаракатларни бажаришга ўрганади.
Нейрореабилитиция хонасида эса асаб касалликлари натижасида ҳожатга чиқиш, қошиқ ушлаш, аравачага ўтириш каби жараёнларга ўргатилади. Асаб фаолияти бузилган беморларга мусиқа билан даволашни қўшдик.
Бу даволаш усулларини йўлга қўйишдан олдин асбоб-ускуналарни янгиладик, мутахассисларимиз Россия, Қозоғистонда малака ошириб келишди. Яқинда геронтология йўналиши, яъни қариялар парвариши бўйича Хитойда тажриба орттирдик.
- Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бу каби реабилитацияси учун 70 ўринли марказ етарли бўляптими? Қолаверса, тиббиёт суғурта тизимига ўтказилмоқда. Сизларга мурожаат қилаётган беморлар учун бу янгилик қай тартибда жорий этилади?
- Ҳозирги кунда бир ойнинг ўзида шу 70 ўрин билан ҳам ўртача 250 кишига тиббий, ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда. Лекин бу етарли эмас. Биз асосан таянч ҳаракатида муаммолари бор, ички ва асаб касалликлари ортидан ногиронликни олган ёки вақтинча шу ҳолатда бўлган инсонларга хизмат кўрсатамиз. Марказ “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази тасарруфига ўтказилгандан сўнг ҳар бир туманда 10 ўринли реабилитация бўлимлари ҳам ташкил этилди.
Муассасамизда шу пайтга қадар ногиронлиги бўлган шахсга бир йилда бир марта ордер берилади. Агар шошилинч ва жиддий ҳолат бўлиб қолганда бир йилда икки марта берилиши мумкин. Бемор шу ерда тўлиқ текширувдан ўтиб, соғлигини тиклаб кетади. Тиббий текширувлардан тортиб, уни даволаш, янгича физиотерапевтик муолажалар, овқатланиш, барчаси бепул. Худди шу тизим бу йил ҳам сақланиб қолган.
- Кейинги йилларда, айниқса, аҳоли орасида суяк емирилиши билан боғлиқ хасталиклар кўпайганлиги айтилмоқда. Буни ковид асорати деб баҳолашаётгани, аёллар орасида ҳам кўпайгани мутахассис бўлмаган одамга ҳам сезилиб қолди. Шу соҳада узоқ йилдан бери фаолият олиб бораётган шифокор сифатида буни қандай изоҳлайсиз?
- Замон, техника ривожлангани сари касалликларнинг сони, ташхис турлари, уни даволаш усуллари ҳам кўпайди. Лекин инсон соғлом бўлиши учун лозим бўлган асосий тамойиллар ўзгаргани йўқ. У биз, шифокорлар неча йилдан бери айтиб келаётган жисмоний ҳаракат, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тўғри овқатланиш, ўз вақтида ухлаш, антистресс дастурини билиш бугун ҳамма даврдагидан кўра долзарброқ. Умуртқа поғонаси билан боғлиқ касалликларга агар фавқулодда ҳолат бўлмаса 100 фоиз ўзимиз айбдормиз, чунки ҳаракатсиз ҳаёт кечиряпмиз. Бугун айнан шундай турмуш тарзимиз сабаб 45-50 ёшдаги беморларни ҳам текшириб кўрсангиз, бўғимларида муаммолар бор. Ваҳоланки бу касалликлар илгари 60 ёшдан ошганларда кузатиларди. Умуртқа поғона, суяк бўғимлари хасталикларига ўзимиз, касбимиз, дангасалигимиз сабаб деб айта оламан.
Суяк емирилиши хасталиги кўпайганини кўпчилик ковидга тақаяпти. Тўғри, ковиддан кейин ўз-ўзидан қон қуюлиши ҳолатлари кўпайиб кетди. Лекин бунда ҳам соғлом турмуш тарзининг аҳамияти бор. Ҳаракатсизлигимиз сабаб кўпаяяпти бу хасталик ҳам. Кўпроқ суюқлик ичинг, деб шифокорлар бонг уради. Бу бежиз эмас, албатта.
- Ўқувчиларимизга бу борада энг муҳим тавсияларни айтиб ўтсангиз.
- Ҳаракатдай беқиёс давонинг ўзи йўқ. Бир соат пиёда юриш инсонга нафақат саломатлик, балки тонус бағишлайди. Бир соатгина пиёда юрсангиз, енгил жисмоний ҳаракатлар билан шуғуллансангиз нафақат соғлом бўласиз, бу ҳаракатингиз сизга қувват, ишчанлик, чирой беради.
Қолаверса, кейинги йилларда озиқ-овқатларга канцероген моддаларнинг қўшилиши қатор ички касалликларни кўпайтирмоқда. Табиий овқатланишга ўрганишимиз керак. Бундан бир неча йил аввал газланган ичимликлар суяк-бўғим касалликлари пайдо бўлишига олиб келиши ҳақида фикрлар билдирилганди. Бу ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Шунингдек, ўз вақтида ухлаш, дам олиш, китоб ўқиш инсон ҳаётини тартибга солибгина қолмай, унинг саломат юришидаги муҳим омиллардан ҳамдир.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди.