Тиланчими ёки талончи?
– Нима десам экан, – пешонасини тириштирди йигит. – Масалан, бирон-бир маҳсулотни бир жойдан иккинчи жойга олиб бориб сотиш ва шундан кўриладиган фойда бизнес дейилади.
– Шахсий томорқангизда етиштирган полиз ва сабзавот маҳсулотларини бозорга олиб чиқиб сотсангиз ва шундан кўриладиган фойда ҳам бизнес дейилади, – дея гап қўшди яна бир киши.
– Бу савдогарлик эмасми? – деди отахон.
– Савдогарлик деган тушунча аста-секин истеъмолдан чиқиб, ўрнига бизнес деган термин кириб келди, – деди ҳалиги киши. – Шунингдек, бирор тадбиркорга, давлатга ва ўзингизга фойда келтирсангиз, бу ҳам бизнес дейилади.
Хуллас, гап билан бўлиб, бекатга етиб келганимизни ҳам сезмай қолибман. Автобусимиз Сиёб деҳқон бозори биқинида тўхтаб, йўловчиларни туширди. Йўл ўтказгич – тахтакўприкдан автобекатга қараб юрдим. Кўприкдан тушган эдим ҳамки, башанг кийинган, соқолию салласи ўзига ниҳоятда ярашган, икки яноғи қип-қизил анордай, етмиш беш-саксон ёшлардаги нуроний кишига рўпара бўлдим. Қариянинг нур ёғилиб турган чеҳрасига ҳурмат билан боқиб, қўлимни кўксимга қўйиб, салом бердим.
– Ўғлим, – деди чол яп-янги яктагининг бир томонини очиб, – Сурхондарёданман. Ҳазрати Нур (Нурота)дан зиёратдан келяпман. Буни қарангки, манави бозорда пулимни олдириб қўйдим. Бир сўминиям қолдирмасдан ҳаммасини олиб қўйишибди.
Дарҳақиқат, яктакнинг ички чўнтаги кесилган эди. Чолга раҳмим келиб, бироз пул бердим.
– Яна бир-икки кишидан олсангиз, бемалол уйингизга етиб оласиз, – дедим-да, қишлоққа кетдим.
Орадан бир ҳафта ўтиб, одатдагидай қишлоғимга отландим. Автобекатда яна ўша чол ёнимга келди.
– Ўғлим… – унинг гапи оғзида қолди.
– Ҳалиям кетолмадингизми?
Чол менинг юзимга ялт этиб бир қаради-да, нари кетди.
Мен ҳар ҳафта қишлоққа боришни канда қилмаган бўлсам ҳам ҳалиги исмини билмаган чолни қайта учратмадим.
…Аммо навбатдаги кетишимда Челакдан бирор чақирим ўтганимиздан кейин автобус илкис тўхтади. Бир киши деразадан қараб:
– Ноинсоф, болаларинг, невараларинг топарман-тутарман бўлса, еяр-ичаридан зориққан жойинг бўлмаса. Ниманг етмайди сен аблаҳга.
Мен ҳам беихтиёр деразадан ташқарига қарадим. Мен исмини билмаган ҳалиги чол елкасига елим халта ташлаб кетиб борарди.
– Бу одамни бултур бир маъракада ҳам изза қилишди. Аммо қайтмади. Шу ишни касб қилиб, бизнесга айлантириб олган, – деди яна бошқаси.
Қаранг, бу ҳам бизнес эмиш. Бизнеснинг яна бир неча тури борки, буларнинг баъзиларини кўриб, кўрмаганга оламиз. Бирор корхона бошлиғини ёхуд олий ва ўрта махсус билим юрти, давлат ташкилоти ёки бирор маҳалла оқсоқолини эгаллаб турган лавозимидан олишса борми, бу ишдан олинган раҳбар учун гўё мотамга айланади. У қадрдон жамоасидан, жонажон маҳалладошларидан узоқлашгани учун йиғлайдими? Инсоф билан айтганда, йўқ! У ерда унинг ўзига хос бизнеси бор эди. Бу хилдаги бизнесчилар айниқса, ўқув юртларига қабул мавсумида янада урчиб кетади.
Ўз-ўзидан савол пайдо бўлади – бу "бизнесмен"ларнинг ҳалиги фирибгар чолдан, хиёбон ва бозорларда тиланчилик қилаётганлардан қаери кам? Бирон-бир нуфузли ташкилотни ўзига отамерос қилиб олган порахўр раҳбарнинг-чи?
Уларни тиланчи деймизми ёхуд талончи?!
Ўринбой НОРМАТОВ,
журналист.
Ўринбой Норматов (Ёдгор) Иштихон туманининг Қирқай қишлоғида туғилиб ўсган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини битириб, йигирма йил Самарқанд педагогика коллежида фаолият кўрсатди. Педагогик фаолият олиб бориш баробарида бадиий ижод билан шуғулланди, газета ва журналларга мақолалар ёзди. Ижодга, журналистикага яқинлиги туфайли 1996-2004 йилларда "Зарафшон" газетасида ишлади. Ўзининг долзарб мақолалари, публицистик чиқишлари билан муштарийлар эътиборига тушди.
"Азиз юрт ўғлони", "Ҳаётнома" номли китоблари чоп этилди. "Қумга санчилган пичоқ" қиссаси нашр этилди. Отахон ижодкор айни пайтда ҳам жўшқин ижод билан шуғулланмоқда. Ҳар гал таҳририятга янги ҳикоями, ҳажвия ёки қатра олиб келиб, уни аввало, "Зарафшон" ўқувчилари эътиборига ҳавола этади.
Дарвоқе, фахрий ҳамкасбимиз яқинда 70 ёшга тўлди. Ўринбой акани ушбу қутлуғ ёш билан табриклаб, мустаҳкам соғлиқ, ижодига барака тилаймиз.