“ТИТАНИК”ни чўктирган “COVID” ёхуд “Биз вирусдан ўлмаймиз...”

Тарихда энг машъум, шу билан бирга энг машҳур воқеалар кўп. Уларнинг машҳурлигига, тўғрироғи, тарихда қолишига машъумлиги сабаб.

Инсон онги шундайки, яхши воқеалардан кўра ёмонини кўпроқ сақлаб қолади. Бироқ бу “сақлашлар” гарчи инсониятга ибрат бўлиш лозим бўлса-да хулосага келишда оқсаш юз бериб келган. Бу оқсаш қандай юз беради?

Аввало бир  изоҳга тўхталсак...

Кибр

Кибр, такаббур, кибрё сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади. Имом Ғаззолий кибрни: «У ўзини улуғ санаш ва қадрини бошқанинг қадридан устун қўйиш» деб таърифлаган.

Мутакаббирлик иблисни куфрга бошлади. Иблис эса бу хасталикни ўзига юқтириб олган одамларни залолатга етаклади.

Эслаймиз... Тарихда “Фил воқеаси” деб ном олган кун бир кибрнинг синиши ҳақида эди. Санъон шаҳрида қурдирган муҳташам канисасига маҳлиё бўлган Абраҳанинг қалбини кибр эгаллайди. Олтмиш минг кишилик қўшини бутун ер юзини яксон қилиб юборишига ишониб, муборак Каъбани бузиб ташлашни, ҳаммани у қурдирган канисага талпинишини истайди ва қўшин билан  йўлга чиқади. Имом Ғаззолий айтганидек: «Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир...”. Абраҳанинг назаридаги қудратли қўшин, Каъбани бузиш учун олиб келинаётган улкан филлар абобил қушлар ёғдирган майда тошлар ёмғирида қолиб ҳалок бўлади.

Яна бир воқеа.

1912 йил – ғоятда дабдабали, муҳташам кема “Титаник”нинг океан бағрига ғарқ бўлган йил. Бугунги кунда унинг чўкишига турли тахминлар билдириляпти, сабаблар кўрсатиляпти. “Агарда...” деган ибора билан уни сақлаб қолиш мумкин бўлган тахминлар илгари суриляпти. Бироқ вақт ўтиб бўлган. Юзлаб одамларни ўзи билан сувга ғарқ қилган “Титаник” энди тарих. Ўша тарихда унинг чўкишига асосий сабаб айсбергга урилиши деб кўрсатилади. Аслида-чи? Аслида сабаб уни барпо қилган муҳандисларнинг кема яралгач қалбларини эгаллаган кибрда эмасми? «Бу кемани Худо ҳам чўктира олмайди», дейишлик Абраҳанинг замонавий бир кўриниши эмасми?

Узоқ йиллардан сўнг олиб борилган тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики,   кема айсбергга шундай нуқтадан урилган эканки, ўша нуқтадан бошқа ҳар қандай жойига урилса, етказилган зарар анча оз бўлиши мумкин экан.

Навбатдаги воқеа.

1941 йилда, тўғрироғи 1939 йилда бошланган нацистлар Германиясининг юриши 1945 йилга келибгина барҳам топди. Ўзини ОЛИЙ ИРҚ деб санаган Гитлер ва  ҳамтовоқларининг ўзларини бошқалардан устун кўриши минглаб бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлди. Бу даҳшатли хунрезликни тарих унутмайди.

Энди бугунимизга қайтсак. 2019 йил поёнида COVID-2019 номи билан кўплаб кишилар ёстиғини қурита бошлаган вирусни аниқламасларидан бир муддат олдин Хитой раҳбарининг "Ҳеч  қандай куч Хитойни тўхтата олмайди" деган ҳайқириғи янграган эди. Бу кибр эмасми? Дастлабки эътиборсизликлар, аввал Хитой, кейин бошқа давлатларга қай даражада раҳна солаётгани сир эмас. Айни вақтда СОVID кириб бормаган жой, у ларзага солмаган мамлакат қолмади ҳисоб. Ишсизлик ошиб, давлатлар иқтисодининг зарар кўриши давом этмоқда. Бу бўҳрон бугун Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Оқибати нечоғли оғир эканини эса ҳали-ҳануз айрим ватандошларимиз англашмаётгани ачинарли.

"Қирқ йил қирғин келса, ажали келган ўлади" қабилида иш тутишлар ёки "ота ўғил"нинг карантин қоидаларига амал қилмай, ўз ишини суиистеъмол қилувчиларнинг оғзини мойлаб, карантиндан муддатидан олдин ўзини озод қилишлар (расман айтилмаган бўлса-да ойни этак билан ёпиб бўлмайди) оқибатида жабр кўраётганимиз сир эмас. Бу кибр эмасми? Шифокорнинг мутахассис сифатида касаллик оқибатини билиб туриб эътиборсиз бўлиши вирус ташувчига айланиб қолишига (йўқса суд иши очилмаган бўлар эди) кибрдан далолат эмасми?

Дунёни таҳликага солиб қўйган пандемиянинг оқибатлари ҳали нималар билан тугашини ҳеч ким билмайди. Тахминлар эса даҳшатли. Ижобий ўзгаришларга бўлган умид мутахассислар кўрсатмаларига риоя этишлик билангина рўёбга чиқиши мумкин. ОАВнинг барча тармоқларида бу ҳақда огоҳлантириляпти, бироқ бу огоҳлантиришлар гўёки ўзига тегишли эмасдек тутаётган кимсалар гуручдаги курмак ошхўрнинг иштаҳасини бузгани каби кўнгилни хира қилмоқда. Коронавирусдан қутулдик, деган давлатларда касаллик эпидемик авжининг янги тўлқини пайдо бўлаётгани ҳақидаги хабарлар бизни бефарқ қилмаслиги, унинг оқибатларини бутун танамиздан ўтказишимиз, таҳлил қилишимиз, унга қарши тайёр туришимиз лозим. Ана шундагина вирус занжири узилиб, осойишталикка йўл очилади. Аксинча, ўзимиздаги кибрга сув қуйиб, уни парвариш этган бўламиз. Қўлда парвариш қилинган бўри ҳеч қачон эгасига эш бўлмаганидек, ўзимизда мавжуд бўлган иллат ҳам иззатда бўлса, яхшиликка олиб келмайди.

Хулоса

 “COVID” нинг “Титаник” ёки “Фил воқеаси” тўғридан тўғри алоқаси йўқлиги маълум, бироқ айтиш жоизки тарихда қолган ҳар битта фожианинг асл илдизи битта нуқтада кесишади. Тафаккур қилайлик! Тафаккур ислоҳ қилишга чорлайди. Ўзини ислоҳ қилган киши эса ҳеч қачон таназзулга юз тутмаган.

Уйда қолинг!

Аслиддин МУСТАФОЕВ.