Тўй, маърака , маросимларни ўтказишнинг чегараси, меъёри борми?

Хўш, бундай даҳмаза ҳамда кимўзарга қилинаётган тўй-русумларни тартибга солишнинг меъёр-мезони борми? Бундай иллатлардан қачон қутуламиз?

Ушбу саволлар билан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича вилоят комиссияси аъзоси Маҳмуд БОБОЁРОВга мурожаат қилдик.

– Бу халқимиз учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам оғриқли нуқта бўлиб келмоқда, – дейди М.Бобоёров. – Шу боис тўйларни ихчам ўтказиш масаласи халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида кўриб чиқилди ва Кенгашнинг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссияси тузилди, унинг таркиби тасдиқланди. Мазкур комиссиянинг намунавий низоми ишлаб чиқилди. Шундай йўл тутишни, аввало, ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Ўйлаб кўриладиган бўлса, бундай тадбирларни ўтказишдан мақсад халқимиз менталитети, дунёқараши ва миллий анъаналарга мутлақо ёт бўлган номақбул одатларнинг ўйлаб топилаётгани ва кириб келаётганлиги, ўз навбатида уларнинг мусобақага айланиб бораётганлигидир. Масалан, оилавий тадбирларни олайлик. Бир қатор тадбирлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатларнинг чек-чегараси бўлмаяпти. Бу эса оқибатда минг-минглаб оилаларнинг нафақат молиявий аҳволига, балки бутун ҳаётига, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир ўтказмоқда.

– Бу борада комиссиянинг вазифаси   нималардан иборат?

– Ўтказиладиган тўй-ҳашам, маросим, оилавий тадбирлар ва унга доир бошқа тадбирларни ўтказиш ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади, тўй ва маросим эгалари билан белгиланган талаблар бўйича тушунтириш ишларини олиб боради. Жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилиб, маҳалла ва меҳнат жамоасида муҳокама этиш, таъсирчан чора кўриш тизимини яратади.

Оилавий тадбирларнинг исрофгарчиликсиз, дабдабасиз ўтказилиши устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жамоатчилик назорати ўрнатилади, никоҳдан ўтиш мақсадида ариза билан мурожаат қилган ёшларни ўқитиш, оилавий ҳаётга тайёргарлигини ошириш бўйича махсус курс­лар ташкил этилади. Миллий менталитетимиз, қадриятларимиз ва урф-одатларимизга мос келмайдиган ҳамда ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида таълим муассасалари, ёшлар иттифоқининг ҳудудий тузилмалари билан фаол иш олиб борилади.

– Юртбошимиз ижодкор зиёлилар вакиллари билан ўтказилган учрашувда "Бугун ўзини кўз-кўз қилиб, кимўзарга тўй қилаётганлар кўпчилик бўлмаса-да, йўқ эмас. Улар ўзларини бошқалардан устун қўйиб, керилиб, "ҳамманинг оғзи очилиб қолсин", қабилида иш тутишлари жамиятимизни маънавий таназзулга етаклаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?", деган саволни ўртага қўйганди. Бу борада вилоятимизда аҳвол қандай?

– Ҳали бундай иллатлардан қутула олганимиз йўқ. Шунга қарамай, вилоятимиздаги 1086 та маҳалла фуқаролар йиғинида мутасадди вакилларимиз зарурий чора-тадбирларни кўрмоқда. Бу борада тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ўз навбатида тавсия ва таклифлар билан чиқяпмиз. Жумладан, шу йилнинг март ойида республика "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва "Нуроний" жамғармаси фаолларининг тўйлар, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларни ортиқча сарф-харажатсиз, дабдабасиз ўтказиш юзасидан мамлакатимиз халқига мурожаати қабул қилинди. Мурожаатда Президентимизнинг кенг маънодаги фикрлари ифода этилган. Яъни, пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, оёғи ердан узилган баъзи мансабдорлар бу борада одоб-ахлоқ мезонларини унутиб, жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиши каби худбин мақсадни кўзлаётгани, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб, уларда ҳалол меҳнатга беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечиришга уриниш, манманликка берилишнинг кучайишига сабаб бўлаётганлиги айтилди.

Тўғри-да, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига олиб келяпти. Тўйчи қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботиб қолаётгани ҳам бор гап. Бир кунлик тўй деб бутун умр йиққанини совуриш, ноз-неъматларни исроф қилиш, сохта обрў орттиришга уриниш кимга керак? Буни ўзини кўз-кўз қилаётган айрим бойваччалар тушуниб етишларини истардик.

– Тўйларимиз миллий қадрият ҳисобланади. Ўзбекнинг тўйи ҳеч кимникига ўхшамайди. Энг миллий, нозик жиҳатларимиз айнан тўйларимизда намоён бўлади. Шундай экан, тўйларимиз ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам анъаналаримизга зид келмаслиги керак. Амалда қандай бўляпти? Мен никоҳ тўйларини назарда тутяпман.

– Тўғри, келин билан куёвни эл олдига чиқариб, тўй қилиш шаклланган. Лекин келинларимиз ва ёшларимизнинг тўй либослари ҳали-ҳамон ўзгармаётганлиги – миллий либослар ўрнига европача бўлаётганлигини афсус билан айтмоқчиман. Бунга ўзимиз – сизу биз айбдормиз.

Кўча-кўйда, ўзаро суҳбатларда айтамиз, лекин ўзимизга келганда риоя қилмаймиз. "Ҳа, ёшлар орзуси-да", деб қўя қоламиз.

Тўй давомида келин-куёвнинг "вальс"га тушиши, бир-бирига торт едириши, куёвжўраларнинг бе­ўх­­шов ҳаракатлари, айрим тўйларда ёш йигит-қизларнинг келин-куёвни табриклаш баҳонасида улар ёнига бориб, спиртли ичимликлар истеъмол қилишаётганини кўриб, кўрмасликка оламиз.

Тўй олдидан бир тўда қизларни чорлаб, дугоналар талбонини ўтказиш русуми пайдо бўлганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Талбон-чақирув тўйдан кейин бўлмайдими? Ҳали оилавий иқтисоди шахсий машина сотиб олиш даражасига етмаса-да, никоҳдан ўтиш тадбирига қўша-қўша, узун чет эл машиналари хизматидан фойдаланиш эса ҳар қандай одам елкасига кўтариб бўлмас юк бўлиб тушаётганини ҳар бир киши англашини хоҳлардик.

– Турли маърака ва маросимлар, мар­ҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишнинг чек-чегараси, меъёри     борми?

– Бундай тадбирларнинг ўлчами, чегараси белгиланмаган. Бироқ ота-боболаримиз расм-русумларига амал қиладиган бўлсак, марҳумлар хотирасига бағишланган ҳар қандай маърака ва маросим ортиқча дабдабабозликдан қочиб, аввало, ўша хонадонда ихчам тарзда ўтказилгани маъқул. Айрим кишилар бундай маросимларни кафе, бар ёки катта ресторанларда ўтказишни хуш кўради. Бу ислом ақидаларига ҳам, ҳозирги тартибга ҳам тўғри келмайди.

– Хулоса ўрнида нима дея оласиз?

– Тўй-томошалар, бошқа турдаги тантана ва маросимлар халқимизнинг маънавиятини белгиловчи омиллар ҳисобланади. Тўйларимиз қанчалик камчиқим, ортиқча харажатсиз ўтса, ўзимизга фойда. Аммо ҳали бу борада кўзланган мақсадга эришиш учун одамларимизнинг фикрини ўзгартириш талаб этилади. Мен комиссия аъзоси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари сифатида халқимизга яна бир бор ўз таклифларимни билдирмоқчиман.

Тўй эгалари томонидан миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик ҳолатларига йўл қўйилаётган хатти-ҳаракатларни жамоатчилик муҳокамасига қўяйлик. Оилавий тадбирларнинг ортиқча сарф-харажатга сабаб бўлувчи янги турлари ўйлаб топилишининг олдини олайлик. Бунинг учун ижтимоий адолатни таъминлаш, оилалар ўртасида кескин табақаланишнинг олдини олиб, соғлом оилавий муносабатларни шакллантириш, аҳоли ўртасида шукроналик туйғуларини кучайтирайлик. Оилавий тадбирлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш энг мақбул йўлдир. Ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган нуроний отахон ва онахонларимиз бор. Улар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, оддий тарзда ўтказиш бўйича кенгаш-маслаҳатлар қилиб турсалар, мақсадга эришган бўлардик.

Гўзал ва ихчам ўтган тўй-маъракаларимизга нима етсин.

 

Суҳбатдош:

А.ИСКАНДАРОВ.