Томчилатиб суғориш ҳосилдорликни қанчага оширади?

Ҳозирда вилоятимиздаги 16 минг 848 гектар ер майдонда, яъни 4 минг 40 гектар пахта, 10 минг 639 гектар боғ, 814 гектар ток, 941 гектар ёнғоқ, 418 гектар полиз-сабзавот экинлари тежамкор инновацион технологиялар ёрдамида суғорилмоқда.

Жумладан, Иштихон туманида 2 минг 589,5 гектар, Самарқанд туманида 2 минг 117,2 гектар, Булунғурда 1 минг 872 гектар, Оқдарёда 1 минг 490,5 гектар майдондаги қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси қўлланиляпти. 

  Иштихон туманидаги “Maroqand Sifat Texstil” агрокластери қошидаги “Иштихон олтин ерлари” фермер хўжалиги эса 2 минг 45 гектар майдондаги ғўзани шу усулда суғормоқда. Исроил, Туркия, Германиядан келтирилган сув тежамкор марказий ускуналар хўжаликнинг 6 ҳудудига ўрнатилган.

- Аввал бу майдонлар иқтисодий самарасизлигидан ҳар гектардан ўртача 10-15 центнердан ҳосил олинган бўлса, энди ҳосилдорлик гектарига 35-40 центнерга етди, - дейди “Maroqand Sifat Texstil” масъулияти чекланган жамияти директори Аҳад Каримов. - Жорий йил ғўзанинг “С-8286”, “Бухоро-102” навлари экилиб, томчилатиб суғориш орқали парваришланмоқда. Бу усулда сув одатдагига нисбатан 40-45 фоизга тежалади. Кимёвий ўғитлар марказлашган ҳолда ғўзанинг илдизига юборилади.

Бундан ташқари, оддий усулда пахта хомашёси етиштирилганда мавсум давомида камида 12-15 марта культивация қилинса, томчилатиб суғоришда бу харажат кескин камаяди. Одатий усулда ҳар 5 гектарга битта сувчи бириктирилса, бу технология орқали бир нафар сувчи 30 гектар майдонни суғоради.

Жорий йилда вилоят бўйича 4 минг 788 гектар, шундан 2 минг 200 гектар пахта майдони, 1616 гектар боғ замонавий сув тежамкор технологиялар ёрдамида томчилатиб ва тупроқ остидан суғориш технологиялари жорий этилиши режалаштирилган.

Абдували ХУДОЁРОВ,

инспекциянинг вилоят бошқармаси

бош инспектори.