Тошкент давлат аграр университети Кембриж ўқув маркази билан ҳамкорликка киришди

Бугун Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ҳамда Cambridge Assessment Englishning Ўзбекистондаги имтиҳонлар маркази - Innovative Centre билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

- Биз дунёдаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни бошладик, - деди филиал директори Шавкат Ҳасанов. - Энг аввало, кадрларимизнинг билими юқори даражада бўлиши керак. Ҳамкорлик меморандуми тузишимиздан мақсад - ўқитувчиларимизни инглиз тилида дарс бера оладиган даражага етказиш.

Маълумот учун Кембриждаги  Assessment English дунёдаги энг нуфузли университетлардан бири Кембриж университетининг бир қисми ҳисобланади ва Ўзбекистонда қатор ташкилотлар ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликда фаолият юритади. Бутун дунё бўйича ҳар йили 5,5 миллиондан ортиқ одамлар мазкур ташкилот томонидан яратилган IELTS ва CEFR имтиҳонларини топширади.

Innovative Centre маркази Самарқандда ҳам бевосита фаолият юритиб, талабаларга инглиз тилидан дарс беради, ўқитувчиларга эса инглиз тилида халқаро стандартларга асосан дарс беришда методик ёрдам кўрсатади.

Ҳамкорликда тузилган меморандумга кўра, энди филиал ўқитувчилари инглиз тилида дарс беришга ўқитилади. Келажакда хорижлик талабалар ҳам филиалга жалб этилади. Бу дунёдаги топ 1000 таликка кириш шартларидан биридир.

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ахборот хизмати.