Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили Элмира Боситхоновадан узр сўради

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган “жиноятга мойил 23 тоифа аёллар” ҳақидаги муҳокамалар юзасидан изоҳ берди.

“Тошкент шаҳар ҳокимлигининг интернет сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинган “Туман ҳокимликлари ҳузурида “Тезкор штаб” тузилди” мақоласи айрим блогерлар томонидан нотўғри талқин қилингани жамоатчилик орасида тушунмовчилик юзага келишига сабаб бўлган.

Мазкур мақолада сўз юритилган дастур аслида оғир турмуш шароитига тушиб қолган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга, ёрдамга муҳтож, кўмакни ташқаридан излаётган ва умидсизликка тушган хотин-қизларнинг муаммоларини аниқ, манзилли ўрганиб, уларни ечишга қаратилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳурматли ОАВ вакиллари ва блогерлардан ахборот тарқатишда маълумотларни тўғри талқин қилишларини илтимос қилади. Шунингдек, бирор бир воқелик юзасидан атрофлича маълумот керак бўлса, сиз билан ҳар доим мулоқотга киришишга ва аниқ ахборот беришга тайёр.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмутдинова юқорида келтирилган мақола сабаб жамоатчилик орасида юзага келган нохуш вазият учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элмира Боситхоновадан узр сўрайди”, дейилади ҳокимлик изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Тошкент шаҳар ИИБ ҳамда Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида жиноятга мойил аёллар 23 та тоифаси тузилган эди. Бу рўйхат куни кеча интернет оламида қизғин муҳокамага сабаб бўлди.