Тўхтатилган юракда жарроҳлик амалиёти бажарилди

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида туғма юрак нуқсони билан туғилган икки нафар беморнинг юраги илк бор очиқ турда муваффақиятли операция қилинди.

– Мамлакатимизда кейинги йилларда тиббиёт соҳасига қаратилган алоҳида эътибор натижасида 2018 йил апрель ойида марказимизда болалар кардиохирургияси бўлими очилган эди, – дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи Маматқул Азизов. – Бўлимга Москвадаги А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургияси илмий марказида фаолият кўрсатаётган уч нафар юртдошимизни ишга таклиф этдик. Шунингдек, яна уч нафар ходимимиз хорижда мазкур соҳа бўйича ўқиб, малака ошириб келди. Натижада ўтган йил мутахассисларимиз томонидан вилоятимиз бўйича туғма юрак нуқсони бор беморлар рўйхатга олиниб, уларнинг 82 нафарида юракда ёпиқ кардиожарроҳлик операциялари ўтказилди.

Бўлим моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва бу ерда мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш учун замонавий шароит, имкониятлар яратиш мақсадида Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, вазирлик кўмагида 8 турдаги тиббий асбоб-ускуналар келтирилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган 1 миллиард 900 миллион сўм маблағ эвазига сунъий қон айлантириш аппарати олиб келиб ўрнатилди.

Мазкур янги ускуна ёрдамида юракни тўхтатган ҳолда мураккаб жарроҳлик амалиётлари А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургияси илмий марказида ишлаб тажриба орттирган ва айни пайтда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган тиббиёт фанлари номзодлари Мақсуд Саидов ва Икром Маллаев раҳбарлигида амалга оширилди. Бўлмачалараро тўсиқ нуқсони ва қоринчалараро тўсиқ нуқсони бўлган икки турдаги юрак пороги операцияси муваффақиятли ўтди.

Яқин кунларда бўлимда яна ўн нафар бемор болаларда ушбу ноёб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш режалаштирилган.

Д.Тўхтаев.