Тўйга неча киши айтгансиз? Бу борадаги тартибдан хабардормисиз?

Ўтган ҳафта шанба куни, яъни 14 сентябрда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати кенгаши ва Қонунчилик палатаси кенгашининг қўшма мажлисида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Энди оилавий тадбирлар фақат бир кун соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилиши керак. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди. Дафн этиш маросими бундан мустасно.

Оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

Тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши шарт.

Шунингдек, никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп енгил автомашина ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат этилмайди.

Оилавий тадбирларда (дафн этиш маросимидан ташқари) пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўйилмайди, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно.

Оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин идорасининг ваколатли вакили томонидан ўқилади.

Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни ("келин навкари", "чорлар", "ота кўрди", "сеп ёйди", "қуда чақирди", "куёв чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш" ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни ("етти", "пайшанбалик", "якшанбалик", "йигирма", "қирқ", "ҳайит", "йил оши", "пул тарқатиш", "мато улашиш" ва ҳоказоларни) ўтказишга рухсат берилмайди.

Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида оилавий тадбирлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шарт­нома тузилади.

Оилавий тадбирларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади. Оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.

Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган оилавий тадбирлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши керак.

Маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ФҲДЁ органлари оилавий тадбирларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширади.

Ички ишлар органлари оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари талабларига тўйхона, кафе ва ресторанларда риоя этилишини назорат қилади ҳамда ушбу талаблар бузилганлиги аниқланган ҳолатда тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўради.