Тойлоқ туманида 10 минг долларга “опий” сотган шахс ушланди

19 ноябрь куни соат 11:30 ларда Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан Тойлоқ тумани Сариосиё маҳалласи ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда Ургут туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган Б.Ф.дан тадбирда ишлатиш учун берилган 10.000 АҚШ доллари пуллари эвазига харидорлар вилоят ИИБ ЖҚБ тезкор ходими ва “С” исмли шахсларга полиэтиленли рангсиз целофан пакети ичида бўлган тўқ жигар рангли, ўзига хос ҳидли “опий” моддасини сотган вақтида қўлга олинди.

Ф.Болтаевни воқеа жойида тинтув қилишнинг имкони бўлмаганлиги сабабли Тойлоқ тумани ИИБга олиб келиниб холислар иштирокида тинтув қилинганида қора рангли “Артел” телефонини текшириб кўриш учун алоҳида пакетга солиниб, муҳрланди.

Самарқанд вилояти ИИБ ЭКБнинг 20 ноябрдаги маълумотномасида тадбир вақтида ҳужжатлаштириб олинган жигар рангли, ёпишқоқсимон 481.73 грамм “опий” гиёҳванд моддаси турига кириши кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда олинган далилий ашёнинг манбасини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақда ИИВ ЖҚББ гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси хабар берди.