Корхонадаги дастгоҳда ишчининг бармоқлари узилиб кетди
Январнинг биринчи ҳафтасида Тойлоқ тумани корхоналаридан бирида бахтсиз ҳодиса юз берди.
26 ёшли йигит туман ҳудудида фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхонасидан бирида дастгоҳда ишлаётган пайтда эҳтиётсизлик қилган. Оқибатда бармоқлари узилиб, жисмига жиддий шикаст етди.
Дастгоҳ корхона ходимлари томонидан ўз вақтида ўчирилиб, бемор зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига келтирилди. Марказда беморга шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатилди ва жарроҳлик амалиёти ёрдамида унинг бармоқлари уланиб, асл ҳолига қайтарилди. Бемор қўли асраб қолинди. Айни пайтда муолажалар давом этмоқда.
Лекин кейинги пайтларда шифохонага шу мазмундаги жиддий жароҳатлар билан келаётганлар сони ошиб бормоқда.
- Мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, иш ўрни яратишга алоҳида эътибор берилмоқда, бу қувонарли ҳолат, - дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали олий тоифали жарроҳи Йўлдош Кулиев. – Лекин ушбу корхоналарда меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, ишчи-ходимларини бу масалада ўқитишларни ташкил этиш лозим. Чунки кейинги пайтларда марказимизга айнан корхоналарда содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар туфайли жиддий жароҳатлар билан келаётган беморлар сони кўпаймоқда. Мисол учун, яқинда қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган бир фуқаронинг кўкрак қафаси соҳасидан арматура кириб, елка соҳасидан чиқиб турибди. Кўринишнинг ўзи жуда бир даҳшатли аҳволда эди. Тезкор операциядан кейин бу бемор ҳаёти асраб қолинди. Кўпчилик ишонмайди, лекин тақдирида яшаш бор экан, у яшаб кетди. Лекин ҳамманинг ҳам шундай омади чопмаслиги мумкин-ку. Қолаверса, гарчи унинг ҳаёти асраб қолинган бўлса-да, у рўзғорини юритиш учун аввалгидай жисмонан яроқли бўлади, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Тўғри, қурилиш соҳасида бу каби бахтсиз ҳодисалар бўлиб туради. Аммо меҳнат хавфсизлиги қоидалари доимий равишда ўргатилиб борилиши керак.
Юқоридаги каби бахтсиз ҳодисалар ҳам кейинги пайтларда кўп учраяпти. Хусусан, бундан атиги бир неча ой аввал қўли станокда қолиб кетиб, унинг ҳам қўлини жарроҳлик орқали тиклагандик. Бундай мисоллар, афсуски, кўп.
Абдували Худоёров,
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали ахборот хизмати раҳбари.