Трамп кучли тўфон сабабли Техас штатида фавқулодда ҳолат эълон қилди

АҚШ Президенти Дональд Трамп “Ханна” тўфони сабабли Техас штатида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда Оқ уй сайтида хабар қилинди.

Трамп тўфон сабабли юзага келган фавқулодда вазиятга қарши курашаётган маҳаллий ҳукуматга қўшимча федерал ёрдам ажратилиши тўғрисида кўрсатмалар берди.

Бироз илгари Техас губернатори Грег Эббот штатнинг 254 округидан 32 тасида фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.

“Ханна” – Атлантик океанидаги дастлабки тўфон. АҚШ тўфонларни кўзатиш миллий маркази 24 июлга ўтар кечаси тропик бўрон вужудга келиши ҳақида маълум қилди. Бир кундан сўнг “Ханна” тўфон даражасигача кучайди. Унинг кейинчалик кучсизланганига қарамасдан, дарёларнинг қирғоқдан тошиб чиқишига олиб келиши мумкин бўлган кучли ёғингарчиликлар кузатилиши хавфи сақланиб турибди.