Туманлараро ихтисослаштирилган маъмурий судлар ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади. Шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади.
Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади.
Фармон мазмунига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий туманлараро судлари маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни биринчи босқичда кўриб чиқса, вилоят маъмурий судлари томонидан мазкур тоифадаги ишлар аппеляция тартибида кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, Фармонда вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Фармон мазмунига кўра, маъмурий судлар умумюрисдикция судларидан алоҳида, тўғридан-тўғри Олий судга бўйсунувчи мустақил суд сифатида иш фаолиятини олиб боради.
Шуни таъкидлаш жоизки, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида республикада маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 6 871 та низоли иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 4 820 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Шунингдек, маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 183 137 нафар шахсга нисбатан 149 684 та иш кўриб чиқилди. Жумладан 120 484 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.
Ориф ПАРДАЕВ,
Самарқанд шаҳар маъмурий суди раиси.