Туркий давлатлар ташкилоти: Қандай шаклланган? Қандай ривожланяпти?
2022 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти саммити бўлиб ўтади.
Ушбу ташкилот 2009 йил 3 октябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимига мувофиқ ташкил этилган.
Туркий давлатлар ҳамкорлиги тарихига назар соладиган бўлсак, Туркий давлатлар ташкилотининг шаклланиш ва ривожланиш жараёнини, шартли равишда уч босқичга бўлиш мумкин. Шаклланишнинг биринчи босқичи СССР қулаши ва 1992 йилда Анқарада бўлиб ўтган туркий тилли давлатлар раҳбарларининг Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон президентлари иштирок этган саммитидан сўнг бошланди.
Кейинчалик президентларнинг бундай учрашувлари 1994, 2001 ва 2010 йилларда Истанбул, 1995 йилда Бишкек, 1996 йилда Тошкент, 1998 йилда Остона, 2000 йилда Боку, 2006 йилда Анталия шаҳарларида бўлиб ўтди.
Иккинчи босқич ҳамкорлик механизмининг ҳуқуқий асосларини расмийлаштириш жараёни билан боғлиқ бўлди. 2009 йилда Нахчивонда туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши ташкил этилди. Кейинги йилларда тармоқлараро ҳамкорликни институциявийлаштириш, туркий академия, туркий маданият ва мерос жамғармаси каби шериклик платформаларини яратиш жараёни бўлиб ўтди. Бу босқич Ўзбекистоннинг тўлақонли аъзо бўлиб кириши туфайли унинг кенгайиши билан якунланди.
2021 йил ноябрь ойида Истанбулда тарихий саммитнинг ўтказилиши билан "туркий оила" учун учинчи босқич бошланди. Аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатлар яқин ва ҳар томонлама ҳамкорликнинг янги даврига кирди. Саммит давомида туркий давлатлар президентлари туркий Кенгаш номини туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартиришга қарор қилдилар. Бу унинг ҳақиқий салоҳиятини рўёбга чиқаришга, аҳамиятини оширишга ва халқаро ҳамжамиятдаги ролини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ташкилотнинг раислиги Озарбайжондан Туркияга ўтди.
Алоҳида эътироф этиш ўринлики, 2018 йил 3 сентябрда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Чўлпон-Ота шаҳрида ўтказилган саммитда фахрий меҳмон сифатида иштироки бу борадаги тарихий қадам бўлди.
Ўзбекистон ушбу ташкилотга 2019 йилнинг октябрь ойида аъзо бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида “Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда” деб алоҳида таъкидлади.
Ҳозирда ушбу тузилмага Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Ўзбекистон аъзодир. Венгрия кузатувчи мақомида иштирок этса, Туркманистон бетараф давлат сифатида доимий меҳмон сифатида таклиф этилган.
Таъкидлаш жоизки, бошқа минтақавий ташкилотлардан фарқли ўлароқ, кузатувчилар Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятида иштирок этиш учун кенгроқ ваколатларга эга. Улар эксперт йиғилишларидан тортиб, давлат раҳбарларининг саммитларига қадар ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча форматларида иштирок этади. Фақат муҳим фарқ шундаки, кузатувчи ташкилотнинг қарор қабул қилишида, яъни овоз беришда қатнашмайди.
Ривожланиш жараёни. Ташкилотнинг сўнгги саммити 2021 йилнинг 13 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул саммитида ташкилот номи Туркий давлатлар ташкилоти, дея қайта номланди. 2021 йилда ўтган саммитда давлат раҳбарлари 10 дан ортиқ ҳужжат – саммитнинг якуний декларацияси, “Туркий дунё нигоҳи – 2040” дастурий ҳужжати ва кун тартибига киритилган бошқа қарорларни имзолаганлар.
Ташкилот транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият беради. Мамлакатларнинг транспорт ўзаро боғлиқлигини таъминлаш барча саъй-ҳаракатларнинг марказида туради. Шу нуқтаи назардан, Транс-Каспий халқаро йўлагини Шарқ ва Ғарб ўртасидаги энг қисқа, хавфсиз ва рақобатбардош транспорт алоқасига айлантириш масаласи алоҳида аҳамиятга эга.
Истанбул саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини изчил рўёбга чиқариш, молия ва банк операцияларини соддалаштириш мақсадида савдо-сотиқ ва инвестициялар учун қулай шарт-шароит яратишга, божхона ва транзит тартиб-таомилларини янада соддалаштиришга хизмат қилади.
2022 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммити Туркий давлатлар ташкилотининг илк йиғилиши сифатида тарихда қолади. Бунгача ташкилот Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан фаолият юритган.
Хулоса. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар муҳим инсон капиталига эга. Уларнинг аҳолиси тахминан 150 миллион кишини ташкил қилади. Аҳолисининг ўсиши ўртача 2,1-2,4 фоизни ташкил этгани ҳисобидан, 2030 йилга бориб, ташкилотнинг аъзо мамлакатлари аҳолиси 180 миллион кишига етиши башорат қилинмоқда.
Шу билан бирга, туркий давлатлар ташкилоти иқтисодиётлари жадал суръатларда ривожланмоқда. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар йиллик ўсиш суръати ўртача 6-9 фоизни ташкил этмоқда ва Осиё ялпи ички маҳсулотининг 5,5 фоизига тенг.
Умуман олганда, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг асосий мавзуси ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан савдо, инвестиция, яшил иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникация, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини қамраб олади.
Бугунги кунга қадар 15 га яқин мамлакат Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорликнинг турли форматларини ўрнатиш истагини билдирган. Бу ташкилотнинг яхши обрўсини ва унинг халқаро нуфузини тобора ўсиб бораётганини кўрсатади.
Рустам Ҳасанов,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.