Туркий маданият ўчоқлари Самарқандда бирлашади
Турк маданияти халқаро ташкилоти (ТуркСОЙ) туркий мамлакатларни бирлаштирган халқаро ташкилот бўлиб, асосий мақсади - турк халқларининг умумий моддий ва маданий ёдгорликларини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва келажак авлодларга етказиш бўйича таркий халқлар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш.
ТуркСОЙ 1993 йил 12 июлда Олма-Отада Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Туркия Маданият вазирликлари томонидан имзоланган шартнома ва ҳамкорлик тамойилларига кўра ташкил этилган. Бугунги кунда 6 давлат ташкилотнинг аъзоси ҳисобланади. Иш юритиш турк ва инглиз тилларида олиб борилади. Ташкилотнинг жойларда тадбирлари ўтказилганда шу давлатнинг тили қўлланилади.
Штаб-квартираси Анқара шаҳрида жойлашган. Шунга кўра ташкилот бюджетининг қарийб 50 фоизи Туркия ҳукумати томонидан қопланади.
2009 йилда ТуркСОЙ Туркий кенгаш таркибига кирди. Ўзбекистон ушбу ташкилотга тўлақонли аъзоли орқали Венгрия билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шу тариқа халқаро ташкилот илк марта Евроиттифоқ аъзоси билан ҳамкорлик қила бошлади.
2020 йилда Хива ТуркСОЙнинг маданият пойтахти этиб танланган ва 2022 йилгача шу мақомни сақлаб турди. Туркий дунёнинг 2023 йилда маданий пойтахти Озарбайжоннинг Шуша шаҳри деб эълон қилинди.
ТуркСОЙ томонидан ҳар йили санъаткорлар учрашуви, опера фестиваллари, адабий форумлар ташкил этилиб, туркий дунё маданият, санъат ва фан арбоблари ўртасида тажриба алмашиш учун ягона платформага айланган.
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Туркиянинг Бурса шаҳрида Маданият вазирлари Доимий кенгашининг 39-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ташкилотга аъзо давлатларнинг маданият вазирлари ва маданият масалалари бўйича тегишли давлат муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилиш якунида ташкилот Доимий кенгашининг 2022 йилга мўлжалланган фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ва 2023 йилга мўлжалланган фаолият дастури тасдиқланди, 2023 йилда амалга ошириладиган лойиҳа ва тадбирлар режаси кўриб чиқилди. Шунингдек, маданият вазирларининг қарори билан 2024 йил Туркманистоннинг Анев шаҳри “Турк дунёсининг маданияти пойтахти”, деб эълон қилинди.
2023 йилда Озарбайжоннинг Шуша шаҳри “Турк дунёсининг маданияти пойтахти” вазифасини бажариши муносабати билан Маданият вазирлари Доимий кенгашининг 40-йиғилиши ушбу шаҳарда ўтказилишига келишиб олинди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ТуркСОЙ Туркий Кенгаш таркибида фаол тузилмалардан бирига айланиб бормоқда. Айни вақтда ташкилот Туркий кенгаш, Халқаро турк академияси, Турк маданияти ва мероси фонди, ЮНEСКО ва ISESKO ташкилотлари, МДҲ ижтимоий ҳамкорлик фонди ва бошқа ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Гулнора ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.