Туркия Мудофаа вазирлиги: Украина ғалласи юкланган биринчи кема Одессадан жўнаб кетди

“Биринчи кема Одесса портидан соат 8:30 да жўнади”, дейилади хабарда.

Туркия президентининг расмий вакили Иброҳим Калин аввалроқ Украинадан ғалла ташиш 1 августдан бошланишини айтган эди. Унга кўра, юклаш аллақачон якунланган. Истанбулдаги мувофиқлаштириш маркази вакиллари спутниклар ёрдамида кеманинг дон билан ўтишини кузатиб бориши айтилмоқда.

Маълумки, 22 июль куни Истанбулда Россия маҳсулотларининг экспорт чекловларини бекор қилиш ва Украина донини экспорт қилишда Россия томонидан ёрдам кўрсатиш бўйича кўп томонлама битимлар имзоланди. Россия, Туркия, Украина ва БМТ вакиллари томонидан имзоланган келишув Украина дони, озиқ-овқат ва ўғитларини Қора денгиз орқали учта порт, жумладан Одессадан экспорт қилишни назарда тутади.