Туркия тажрибаси: Самарқандда майизчилик йўналишида ёш мутахассислар ишга қабул қилинади

Вилоятимизда майизбоп узумчиликни ривожлантириш, хусусан сифатли узумлар етиштириш, уларни қуритиш, қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва ташиш билан боғлиқ инновациялар, янги технологиялар ва ёндашувларни жорий этишни кенгайтириш борасида ишлар бошланган. Бу борада илғор хорижий тажрибалар ўрганилмоқда.
8-11 сентябрь кунлари “Узагростар холдинг” компанияси таъсисчилигидаги, ихтисослашув йўналиши майизчилик бўлган “Қўшработ агро стар” МЧЖ вакиллари ҳамда боғбонлардан иборат делегация дунёда майиз етиштириш ва унинг экспорти бўйича етакчи бўлган мамлакат – Туркияда сафарда бўлиб, бу давлатнинг ушбу соҳада қўллаётган технологиялар ва тажрибалари билан танишиб қайтдилар.
Ўз ўрнида жорий йилнинг 2-4 октябрь кунлари вилоятимизнинг майизчиликдаги салоҳият ва мавжуд имкониятларини жойида ўрганиш, боғбонлар билан мулоқотлар ўтказиш, соҳани ривожлантириш юзасидан ўзларининг таклиф ва хулосалари билан ўртоқлашиш, келгусида ҳамкорликда иш олиб бориш мақсадида Туркиядан бир гуруҳ тажрибали мутахассислар ташрифи режалаштирилмоқда. Улар Қўшработда ўтадиган “Майиз сайли”да ҳам иштирок этишади.
Туркия сафарида орттирилган тажриба асосида ҳудудларда агрономлар сафини кенгайтириш режалаштирилган. Танлов асосида ишга қабул қилинган агрономлар Самарқанд вилоятининг Қўшработ, Иштихон, Ургут ҳамда Навоий вилояти Хатирчи туманларида фаолият олиб боришади.
- Бу яхши натижа беради, албатта, - дейди “Қўшработ агро стар” МЧЖга хорижий эксперт сифатида жалб қилинган туркиялик тажрибали қишлоқ хўжалиги муҳандиси М.С.Колжуўғли. - Танловлардан ўтиб, ишга қабул қилинган агрономлар ташқи бозорларда талаб юқори бўлган, юқори қийматли бозорларнинг меъёр ва стандартларига муносиб майиз етиштириш ҳамда бу йўлда агротехник тадбирларни тўғри, сифатли ва самарали олиб бориш бўйича майизчилик йўналишидаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига кўмакчи бўладилар.
Ишлаб чиқилган танлов дастурига кўра агрономлар бир қатор талаблар асосида танлаб олинади. Аввало, номзодлар 35 ёшгача бўлиши керак. Қишлоқ хўжалиги йўналишида олий маълумотга, мева ва узумчилик, ўсимликларни ҳимоя қилиш, тупроқшунослик, агромуҳандислик, дала экинлари каби йўналишлар бўйича меҳнат стажига, етарли билим ва тажрибага эга бўлиши ҳам талаб қилинади. Шунингдек, майизчилик йўналишидаги фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари хўжаликлари билан самарали ишлаш ва мулоқот қилиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Қолаверса, улар компьютерда Microsoft Word, Microsoft Excel дастурлари билан мустақил ишлаш, уларда таҳлилий ҳисоботларни тайёрлаш кўникмаларига ҳам эга бўлиши керак.
Номзодлар ўз резюмеларини бугундан бошлаб, шу йилнинг 5 октябрь куни соат 18:00 га қадар sherzodsuvankulov1985@gmail.com электрон манзилига ёки +998 77 052 71 55 телеграм рақамига жўнатиши мумкин.
Шерзод Суванқулов.