Турсунов кўчасини ковлаган, аммо асфальт қилишни хоҳламаётган “эркатой”лар ким?
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари А.Шукуров, Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари А.Эгамов ҳамда Р.Олимов эътиборига! Р.Олимовлар эътиборига!
Ўтган йили вилоят Матбуот уйи жойлашган Самарқанд шаҳридаги Улуғ Турсунов кўчасидан табиий газ тармоғи тортилди. «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ буюртмасига асосан амалга оширилган ковлаш ва монтаж ишлари 10-15 кун давом этди. Газчилар тайёр асфальт қилинган йўлни ковлади, аммо кўчани тартибга келтириб, асфальт қилиш эсларидан чиқди.
Ёғингарчилик кунлари бу ердан ўтиб бўлмай қолади. Чунки кўчанинг 100 метрдан зиёд қисми ҳамон ўйдим-чуқурлигича қолиб кетди. Бир неча бор вилоят ҳокими ўринбосари А.Шукуровга, шаҳар ҳокимлигига қилинган мурожаатлар эътиборсиз қолмоқда. Ёғингарчилик кунлари вилоят статистика бошқармаси, вилоят Матбуот уйи ходимлари, Кўксарой маҳалласининг 3,5 минг аҳолиси учун мазкур кўчадан ўтиш азоб бўлиб қолди. Ўнлаб машиналарнинг тирбандлик ҳосил қилганлигидан мактаб ўқувчилари, кекса ва ногиронларнинг ўтиши қийин бўлаётир.
Самарқанд шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Эгамов кунлар исиши билан йўлни таъмирлаб беришни ваъда қилган эди. Аммо бу гап ҳам ваъдалигича қолди. Балки, табиий газ тармоқларини тортиб, асфальт қилишга ажратилган маблағ «туя» бўлиб кетгардир...
Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддаси. Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш:
- йўлларга, темир йўлдан ўтиш жойларига, йўл ҳаракатини тартибга солувчи бошқа иншоотлар ёки техник воситаларга шикаст етказиш;
- йўл ҳаракатига қасддан, шу жумладан, йўл қопламасини ифлослантириш йўли билан халал бериш;
- автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик;
- йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга эса — ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.