Уч элак ҳақида ривоят

Бир киши донишманддан сўради:

- Дўстингиз сиз ҳақингизда нима деганини айтайми?

- Шошма, - деди донишманд, - аввал айтмоқчи бўлган гапингни учта элакдан ўтказ...

- Учта элак?

- Бирор гапни айтишдан олдин, уни учта элакдан ўтказиш лозим. Аввал ҲАҚИҚАТ элагидан. Айтмоқчи бўлган гапинг ҳақиқат эканлигига ишончинг комилми?

- Йўқ, мен уни шунчаки эшитдим, холос.

- Демак, сен унинг рост ёки ёлғонлигини билмайсан. Энди иккинчи – ЯХШИЛИК элагидан ўтказамиз. Сен менга дўстим ҳақида бирор яхши гапни айтмоқчимисан?

 - Йўқ, аксинча.

- Демак, сен менга ҳақиқатлигини билмай туриб ёмон хабарни етказмоқчисан. Энди учинчи элакдан ўтказамиз – ФОЙДА элаги. Сенинг гапингни эшитишим шартми, у менга фойда келтирадими?

 - Йўқ, ҳожати йўқ.

- Унда сен етказмоқчи бўлган хабарда ҳақиқат ҳам, яхшилик ҳам, фойда ҳам йўқ экан. Уни менга айтиб нима қиласан?