Уч ойлик ёзги таътил заруратми ёки анъана? Ёхуд ҳамма биладиган, лекин ҳеч ким шуғулланмайдиган муаммо хусусида

Яқинда Америкада оилавий яшаётган танишим билан суҳбатда бўлдим. “Ёзги таътилда болаларингиз зериккандир, қишлоққа жўнатмайсизми?”, деган саволимга у “Бу ерда таътил бекорчилик учун берилмайди”, дея жавоб берди. Унинг айтишича, Америкада болалар ёзда ҳам мактабдан узоқлашмай, турли тўгарак ва қўшимча машғулотларда қатнашади.

 Айни амалиёт ўзлаштириши суст болалар учун мажбурий ҳисобланаркан. Табиийки, бу менда қатор саволларни келтириб чиқарди. Америкалик ўқитувчилар ёзда дам олишмайдими? Умуман, ёзги таътил ўқувчи ва ўқитувчи ҳаётида қандай ўрин тутади?

Хориждаги мактаблар ҳувуллаб қолмайди

Мазкур саволлар асосида маълумот тўплашга ҳаракат қилдим. Келинг, аввало, Америкадаги ёзги таътил масаласига батафсилроқ тўхталамиз. Қўшма Штатлардаги таълим таътиллари ҳақида бир нечта манбаларни солиштириб билдимки, бу ерда ҳар бир штат таътиллар вақти ва муддатини ўзи белгилар экан. Унинг муддати шунингдек, мактаб ўқув­чиларининг ёшига қараб ҳам фарқланиши мумкин. Айтайлик, бошланғич синф ўқув­чиларига кўпроқ таътил берилса, юқори синфдагиларга тескариси. Ёзги таътил кўпи билан 9-10 ҳафта давом этади. Аксарият штатларда дарслар август ойидан бошланади. Яна савол туғилади, америкалик ўқувчилар камроқ дам оладими? Йўқ, умумий ҳисобда у ердаги ўқув кунлари (180 кун давлат муассасалари ва 170 кун хусусий мактабларда) бизникидан камроқ. Фақат Америкада таътиллар вақти нисбатан мутаносиб тақсимланган.

14 йилдан буён оилам билан Америкадамиз, - дейди Нью-Йорк шаҳридаги 180-давлат мактабида ҳамшира бўлиб ишлаётган Нигора Индиаминова. - Бизнинг мактабда ёзги таътил 28 июнда бошланиб, 8 сентябрга қадар давом этади. Бу оралиқда мактабнинг ҳувуллаб қолганини кўрмайсиз, ёзги таътилда уйида қолган ўқувчиларнинг кўпчилиги вақтини шу ерда ўтказади. Айтиш жоизки, ёшларнинг бўш вақтини мақсадли ташкил этиш ҳукумат назоратида ҳамда мактабларда бунинг учун барча шароитлар яратилади. Тўгараклар йил давомида фаолиятини тўхтатмайди.

Таълим ҳақида гапирганда, албатта, Японияни тилга олмасликнинг иложи йўқ. Буни қарангки, кунчиқар мамлакатда ўқув йили сентябрдан эмас, апрел ойидан бошланар экан. Ёзги таътил эса 20 июлдан август ойининг охиригача (беш ҳафта) давом этади.

Дарвоқе, Япониядаги мактабларда дарслар икки навбатда ўтилади. Ўқувчининг эрта тонгдан кечгача мактабда бўлиши оддий ҳол ва бу ҳеч кимни хавотирга солмайди. Аксинча, таълим масканида болаларнинг вақти тўғри ташкил этилади.

Гувоҳи бўлганингиздек, япон мактабларидаги ёзги таътил ҳам бизнинг стандартларимиз бўйича жуда қисқа. Уларнинг фикрича, ўқувчининг ҳордиқ чиқариши учун беш ҳафта ортиғи билан етади. Шунга қарамай, таътилда болаларнинг аксарияти мактабга боришда давом этади. Сабаби, дам олиш кунларида у ерда ўқитувчилар ёки қўшимча таклиф этилган мураббийлар бошчилигида “қизиқиш" гуруҳлари очилади. Шу тарзда ёшлар янги фаолиятни ҳам ўзига таниш муҳитда ўрганиши мумкин бўлади.

Бизда-чи? Болалар ёзги таътилни қандай ўтказяпти?

Маълумотларга кўра, якунланган ўқув йилида вилоятдаги 1265 та мактабда ўқувчилар сони 756881 нафарни ташкил этган. Бизда ўқитувчилар ёзда ёппасига меҳнат таътилига чиқарилишини инобатга олсак, шунча ўқувчи ёзни ё уйида, ё оромгоҳда ўтказиши керак бўлади. Мана шу жойида муаммо бошланади. Гап шундаки, мавсум бошида вилоятда 16 та ёзги оромгоҳ ҳамда 66 та кундузги (мактабларда ташкил этилган) оромгоҳ фаолият кўрсатаётгани, уларда 23395 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилгани маълум қилинган эди. Рақамлардаги фарқни кўряпсизми? Бу ўқувчилар умумий сонининг 5 фоизи ҳам эмас. Хўп, уларнинг яна 10 фоизи (75 минг нафар ўқувчи) турли тўгарак ёки спорт машғулотларига (аслида бунча бўлиши даргумон) қатнайди, дейлик, яна 86 фоиз ўқувчи уч ойлик таътилни режасиз ўтказаётган бўлиб чиқмоқда.

Оромгоҳлар масаласига қайтсак, энг кўп қамров кундузги оромгоҳларда (14 минг нафарга яқин) экан. Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари тўғрисидаги низом билан танишсангиз, кундузги оромгоҳлар учун тавсия этилган “Маданий-маърифий тадбирлар” дастури кўзни қувонтиради. Тўғри, унда болаларнинг иқтидорини ривожлантириш масаласига умумий тарзда ёндашилган, бироқ бор-йўғи 10 кунлик машғулотлар бўлса-да, унда ёшлар халқ ўйинлари билан танишиши, йўл ҳаракати қоидаларини ўрганиши, ижод билан шуғулланиб, дунёқарашини кенгайтиришини ташкил этиш масаласига эътибор қаратилган. Қолаверса, барча муассасалар бу дастурга қўшимчалар киритиши, уни такомиллаштириши мумкин. Хўш, амалда шундай бўляптими?

Айни саволнинг жавобини Пайариқ тумани мисолида қидириб кўрдик. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутахассиси Й.Мардиевнинг маълумотига кўра, туманда 102 та мактаб бўлиб, шундан 5 тасида кундузги оромгоҳ ташкил этилган. Уларнинг ҳар бирида 4 навбатда 160 нафаргача бола соғломлаштирилиши белгиланган. Аммо ҳолатни ўрганиш учун жойларда бўлганимизда ҳафсаламиз пир бўлди. Хусусан, 74-умумтаълим мактабидаги оромгоҳ фаолияти саҳналаштирилган бўлиб чиқди. Буни аниқлаш унчалик қийин бўлмади. Биз шунчаки болалардан қачондан бери оромгоҳга қатнаётганликлари ҳақида сўрадик. Ўнтадан тўққизтаси биринчи марта келаётганини айтди. Ваҳоланки, ўша вақтда иккинчи навбатга жалб этилган болалар 7 кундан бери машғулот ўтаётган бўлиши керак эди. Ахборот технологиялари тўгарагида болалар вақтини мультфильм томоша қилиш билан ўтказяпти. Бошқа машғулотлар ҳам хўжакўрсинга ташкил этилгани кўриниб турибди.

Тумандаги 71-умумтаълим мактабида вазият бирмунча яхши. Ҳар ҳолда бу ердаги болалар бир кун олдин қанақа мавзуда машғулот ўтишганини эслай олмаган бўлса-да, ҳар куни келаётганини айтишди. Мактаб директорининг айтишича, мактабда ментал арифметика, хорижий тиллар ҳамда спорт тўгараклари фаолият юритар (биз борганда уларни кўришнинг имкони бўлмади) экан. Бироқ масъулларда оромгоҳни ташкил этиш бўйича бирор режа ёки дастур йўқ. Жараёнга жалб қилинган ўқитувчилар билан ҳам ҳеч қандай расмий шартнома тузилмаган. Амалда улар меҳнат таътилида. Лекин бизга билдиришгани бўйича, уларга ишлаб берган кунлари учун айрим “енгиллик”лар берилар экан. Тизимнинг хатоси, айрим жойларда очиқчасига қонунга хилоф ишлаётганидан дарак эмасми бу? Педагогларнинг ҳуқуқлари, қонун устуворлиги деган тушунчалар қаерда қолди?

Ҳудуддаги оддий мактабга ҳам кирдик. Бир-икки нафар раҳбар ва ишчи-ходимлардан бўлак ҳеч ким йўқ. Тўғри, бизгача инглиз тили бўйича тўгарак аъзолари келган экан. Лекин у ҳам фақат 10-15 нафар болани қамраб олади. Қолганлар нима қилади? Хуллас, ҳар учала ҳолат ёшларнинг ва ўқитувчиларнинг зиёнига ишлаётганини кўрсатди.

Нега ёзги таътил айнан уч ой давом этади?

Ишониш қийин, лекин шу савол билан бир эмас, ўнлаб педагог ва мутахассислар, фахрий устозларга мурожаат қилдик. Деярли барчасининг жавоби “Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканмиз”, бўлди. Наҳотки, собиқ иттифоқ давридан буён давом этаётган бу анъананинг педагогик ечими ёки таҳлили натижалари йўқ? Агар бўлса, у бугунги давр ва талабларга жавоб берадими? Навбатчи жавоблар эса доимо бир хил: “Иссиқда ўқиб бўлмайди”, “Ёзда ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам чарчайди”. Агар масала фақат шунда бўлса, экваторга яқин мамлакатларда йил 12 ой таътил бўлиши керак эмасмиди? Иссиқ ҳаво ақлий фаолиятимизга шунчалик ёмон таъсир қилса, нега абитуриентлар ёз давомида ўқиб, имтиҳон топширади? Бу уларнинг билими тўлақонли баҳоланмаётганини англатмайдими? Унда олий таълимга кириш имтиҳонларини, умуман, ўқув йили бошини бошқа фаслга кўчирайлик.

Айни саволга “Ёзда ўқувчи ва ўқитувчилар қўшимча ишлайди, даромад қилади”, дея жавоб берганлар ҳам бўлди. Тўғри, қадимда мадрасаларда таҳсил олган ота-боболаримиз кун кўриши, оиласига даромад келтириши ва асосан мадрасадаги ош пулининг ҳақини чиқариши учун далада ёки вақф ерларида ишлаган экан. Шу боис уларга оз эмас-кўп эмас, нақд 6 ой таътил берилган. Бугун ҳам шундай демоқчимисиз? Ҳозир пул топишнинг энг самарали йўли ақлни ишлатиш эмасми? Бундан 20 йил олдин, бизнинг болаликда ҳам бирорта тенгдошимиз ёзда ишлаб, тоғни талқон қилган эмас. Умуман, бу ёшда ва иссиқ ҳавода ишлаш таълим олишдан кўра қийинроқ. Албатта, қишлоқ жойларда мол-ҳолга қаралади, ҳосил терилади. Биз ҳам ёшликда шу ишларни қилганмиз. Хўш, бу нима берди? Назаримда, шунчаки вақтимизни йўқотдик. Болани меҳнатга ўргатиш учун дарсдан кейинги вақт ҳам етарли. Қолаверса, ҳозир қишлоқларда болаларнинг ёзги бўш вақтига қараб қолган юмушнинг ўзи йўқ. Ҳарқалай, болалар меҳнатидан воз кечдик, қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам техникалашиб бормоқда.

Педагог меҳнат таътилидан манфаатдор эмас(ми?)

Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги берган ахборотга кўра, ўқитувчиларнинг ёзги таътили 56 календарь кунидан кўп бўлмаслиги керак. Байрам саналари ва дам олиш кунлари таътил ҳисобига киритилмайди, албатта. Бунда педагог ходимлар иш вақтининг аниқ давомийлиги ва йиллик узайтирилган меҳнат таътилининг давомийлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади. Ҳартугул шу кунларда уларнинг таътили икки ойга яқин давом этиб, иш августдан бошланади. “Иш” деганимиз дарс ўтиш, тўгараклар ташкил этиш эмас, ҳужжат тўплаш, эски дастурларни янгилаш ва синфхоналарни тартибга келтириш. Соҳада ишлаётганларнинг айтишича, бу ҳам бир неча кунлик юмуш. Қолган вақтда улар шунчаки директорга кўриниб кетиш учун мактабга келади.

Ўқитувчининг таътилда қўшимча пул топиши масаласига тўхталамиз. Энди ўйлаб кўринг, малакали, ўз устида ишлаб, юқори натижаларга эришаётган ўқитувчилар ойига минг доллар ва ундай зиёд ойлик олиши мумкин бўлган давр келди. Улар икки ойлик таътилда қанча топиши мумкин? Августда ишга чиқишса ҳам кейинги ойлик сентябрда берилади, яъни 3 ой ойликсиз юриш керак. Албатта, бунақа шароитда қўшимча ишлаш, керак бўлса, мардикорлик қилишга ҳам тўғри келади. Йўқ, биз бу билан ўқитувчиларнинг меҳнат таътилини қисқартириш керак, демоқчи эмасмиз. Кўпчилик педагоглар “Сиз ёзги таътилда зерикиб қолмайсизми?”, деган саволимизни шундай талқин қилиб, хавотирга тушишди.

Билишни истаганимиз, ўқитувчилар таътилини ўзи истагандек ўтказа оляптими? Нега улар дам олиш вақтини ўзи танлай олмайди? Агар танлай олади, десангиз, тизимнинг ўзи бунга тайёр эмас-ку?! Тўғри-да, ўқитувчи қишда таътилга чиқса, ёзда нима қилади, ўз ҳисобидан дам оладими? Айрим хорижий давлатларда таътилга чиқадиган ўқитувчининг ўрнига шартнома асосида бошқа ўқитувчи ёллаш мумкинлиги ёки таълим бошқармаларида шу ҳолат учун махсус педагоглар гуруҳи яратилганлиги ҳақида эшитган эдим. Бизда бунинг иложи йўқми? Ёки таътилдаги ўқитувчи ўз хоҳиши билан мактабга қайтиб, тўгарак ташкил этмоқчи бўлса, уни муносиб рағбатлантириш тизими ҳам бўлиши керак. Ёппасига таътилга чиқарилиш, таътил вақтида қонунга зид равишда ишга жалб қилиниш, ишга чиқиб ҳам (августда) вақтни бекор сарфлаш педагогларнинг касбига бўлган меҳрини сўндиради.

- Ўз касбини севадиган, фидойи ўқитувчи учун ёзги таътил бир синов, - дейди Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Феруза Ғафурова. - Тўғри, у ўқув йили давомида ҳам жисмонан, ҳам руҳан чарчайди ва қувватини тиклаб олиши учун вақт керак бўлади. Бироқ педагогнинг дам олиш вақти ва шаклини тўғри йўлга қўйиш учун шароит ҳам керак. Мисол учун, бизда чоракликлар даври бир хил тақсимланмаган, қайсисидир узун, бошқаси қисқа. Юкламалар эса деярли бир хил. Агар шу чоракликлар тўғри тақсимланса, таътиллар вақтини қайта кўриб чиқиш мумкин бўларди. Ҳар ишда болаларнинг чарчашини рўкач қилиш нотўғри. Аксинча, улар ҳам ёзги таътил вақтида зерикиб қолишяпти. Шаҳар ҳудудида яшовчи ўқувчилар вақтини репетитор, спорт машғулотларига қатнаб ўтказар, аммо қишлоқларда вазият оғирроқ. Улар 3 ойда мактабдан ҳам, ўқишдан ҳам узоқлашиб кетишади.

Ёзги таътил боланинг зиёнига ишламаслиги керак

Феруза Ғафурова ва бошқа тажрибали педагоглардан ёзги таътилнинг болалар билимига таъсири ҳақида ҳам сўрадик. Баъзилар бу вақт ўқувчининг ақлий дам олиши учун зарур деса, бошқалар болаларга ҳордиқ чиқариш учун бир ой ҳам етади, деган фикрда. Бу бирхилликдан зериккан ёшларни чалғитиш ҳисобига амалга оширилади. Бунинг учун эса 3 ой мактабдан воз кечиш шарт эмас, назаримизда. Тасаввур қилинг, олимпиадага бориши керак бўлган спортчи мусобақадан олдин уч ой машғулотларга қатнашмай, дам олса, ғалаба қозона оладими? Албатта, мунтазам ўз устида ишлаган спортчи ғолиб бўлади. Мактабни битириб, қатор нуфузли хорижий олийгоҳларга ўқишга кирган ёшларимиз ҳам шундай. Улар ёзги таътилда ҳам ўқимоқда. Ҳаракатда баракат, деб бежиз айтишмаган, ахир.

- Мен ёзги таътилни ўз устимизда кўпроқ ишлаш учун берилган вақт, деб биламан, - дейди Ургут туманидаги 54-умумтаълим мактаби ўқувчиси Суннатилла Эркинов. - Уч ой вақт ичида бирор хорижий тилни ўрганиш ёки мактабда олинган билимларни мустаҳкамлаш мумкин. Ёш бўлсак, чарчаш ҳақида гапириш бизга ярашмайди. Мисол учун, мен ҳар ёзда репетиторга қатнайман. Ҳозир ҳам инглиз тили ҳамда математикадан қўшимча дарсларим бор.

Маълумот учун, ургутлик оддий бу ўқувчи жорий йил 12 та нуфузли халқаро университетга муддатидан олдин ўқишга кирди. Улардаги жами грант миқдори 1 миллион 70 минг долларни ташкил этади. Хўш, натижа ёмон эмас-а.

Хуллас, гап айланиб яна ёзги таътил вақтини мақсадли ташкил этиш масаласига келиб тўхтамоқда. Тўғри, барча ота-оналар ҳам фарзандини репетиторга бериш учун маблағ ажрата олмайди. Шундай экан, ёзги оромгоҳлар кам, борлари ҳам талабга жавоб бермаётган бир вақтда ҳеч бўлмаса, мактабларнинг эшиклари очиқ туриши керак. Токи, билимлар маскани директор ёки “завуч”ларнинг қўриқланадиган шахсий “томорқаси” эмас, балки ўқитувчи ва ўқувчиларнинг иккинчи уйи, энг севимли манзилига айлансин.

Эсимда, болалигимизда информатика ўқитувчимиз хонасига ажратилган компьютерларни ниҳоятда авайлаб, ҳеч биримизга тегинтирмасди. Биз бу фанни китобча орқали ўргандик. Вақт ўтди, техника тараққий этди. Ҳозир у компьютерлар янгидек бўлса-да, ҳеч кимга керак эмас. Шу кераксиз нарсалар учун нечта авлоднинг саводи чала бўлди? Назаримда, бу қараш ҳали ҳам сақланиб қолган. Мактаб кўргазма учун эмас, амалий ишлар учун хизмат қилиши керак. Шунда унга бўлган муносабат ҳам ўзгаради.

Хулоса шуки...

Биринчидан, барча оромгоҳларимиз ҳам талабга жавоб бермаяпти, аксарияти номигагина, ҳисобот учун ишламоқда. Ўқитувчиларнинг саломатлигини тиклаш тадбирлари, хусусан, санаторий масаласи ҳам шундай.

Иккинчидан, ёзги оромгоҳларга жалб қилинган педагоглар меҳнатидан манфаатдор эмас. Демак, машғулотлардаги сифат ҳам шунга яраша бўляпти.

Ва, энг ёмони, болалар ёзда дам олиши керак, деган важ билан ўзимиз уларни ялқов қилиб қўйяпмиз. Бу 3 ойлик ҳордиқ айрим катталарнинг ўзига керак, назаримизда. Зеро, ўз касбини севадиган, фидойи ўқитувчилар йўқотилаётган вақтга ачинмоқда. Улар йиллик таътилидан ўзи истаган, зарурати бўлган вақтда ёки чоракликлар оралиғида, бўлиб фойдаланса, манфаатлироқ бўлади. Шундай қилсак, ёзда мактаблар ҳам бўшаб қолмас эдими?

Яна бир таклиф - ёшларнинг ёзги таътилини тўғри ташкил эта олмас эканмиз, унинг бир ойини қишдаги аномал совуққа кўчирайлик. Икки ой ўқитувчининг таътилига ҳам, ёшларнинг ҳордиғига ҳам етиши аниқ. Ундан кейин, ёзда синфхоналарни совутиш, қишда уларни иситишдан анча арзонга тушади. Шусиз ҳам бу йилги қишда аномал совуқ туфайли мактабларда тайинли дарс ўтилмади. Замон, макон ва муҳитга мослашайлик биз ҳам.

Сиз нима дейсиз?

Асқар БАРОТОВ.