Украинадаги вазият: Польша Leopard танклари Украина келди, Британия Россияга қарши янги санкциялар киритди, АҚШ Киевга навбатдаги 2 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатади

Польша биринчи Leopard танкларини Киевга топширди, улар аллақачон Украина ҳудудида, танкларнинг биринчи партияси тўрттадан иборат.

“Булар биз бошлаган коалиция танк ёрдами доирасида Украинага етиб келадиган биринчи танклар”, деди Польша президенти Анжей Дуда Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишида.

Умуман олганда, Польша Украинага 14 та Leopard танкини етказиб беришга ваъда берган.

Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги эса жума куни Украинадаги вазият муносабати билан Россияга қарши санкциялар кенгайтирилгани ҳақида маълум қилди.

Санкциялар ҳарбий техника ишлаб чиқариш ёки таъмирлаш билан шуғулланувчи компанияларга нисбатан қўлланилган. Гап Россия ҳарбий-саноат мажмуасида қўлланилиши мумкин бўлган самолётлар учун эҳтиёт қисмлар, радиотехника, электрон компонентлар, хусусан, дронларни ишлаб чиқариш ҳақида кетмоқда. Шунингдек санкциялар қатор банкларни ҳам қамраб олган.

Ўз навбатида Пентагон жума куни Украинага 2 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишини маълум қилди, деб хабар беради Defense News.

Янги ёрдам HIMARS учун кўпроқ ўқ-дорилар, ўқ-дорилар, ҳаво ҳужумига қарши учувчисиз тизимлар, ҳарбий техникани аниқлаш учун электрон жиҳозлар ва бошқаларни ўз ичига олади.

АҚШнинг йил давомида Украинага ҳарбий ёрдами 32 миллиард долларга етган.