Уларнинг шарафига касалликлар номланган
Инсон ўзининг истеъдоди туфайли машҳур бўлиши мумкин. Кимдир расм чизади, бошқаси эса ажойиб овозга эга. Бироқ ҳаётда ўзи дучор бўлган касаллик туфайли шуҳрат қозониб ном қолдирганлар ҳам бор.
Дальтонизм
Жуда таниқли касаллик. Дальтонизм билан оғриган одам қисман рангли кўрликка эга, бошқача қилиб айтганда рангларни ажрата олмайди. Бемор қизилни кулранг, яшилни эса жигарранг каби қабул қилади.
Атом назариясини ривожлантириш билан шуғулланган ва табиатдаги ўзгаришларни кузатган Жон Дальтон бу касалликдан бехабар бўлган. Ботаника билан қизиққанидан кейингина ўзида ранглар тўғрисида ўзига хос тушунча борлигини англаган ва гулнинг ранги куннинг вақтига қараб ўзгариб туришини пайқаб олган. Бу уни шунчалик ажаблантирдики, дарҳол янгиликни ўз акаси билан баҳам кўрди. Биродари ҳам Жон каби рангларни айнан шу тарзда кўришини айтди. Ҳамкасбларига ушбу кузатув тўғрисида айтганидан сўнг ўзи ва акаси бошқаларга ўхшамайдиган эканлиги аниқланди.
Жон кейинчалик унинг номи билан аталган касалликни батафсил баён қилди. Аниқки, Дальтондан ташқари бошқа одамларда ҳам бу касаллик бўлган. Бироқ, уларда ранглар идрокини муҳокама қилишга имкон бўлмаганлиги туфайли Жон Дальтон кашшоф сифатида танилди.
Ван Гог синдроми
Руҳий бузуқлик ёки алькоголизм туфайли ўз соғлиғига зарар етказишни истаганларга ушбу синдром ташхиси қўйилади.
Шифокорлар буюк рассом Ван Гог ҳақидаги замондошлари мактублари ва шарҳларини ўрганиб чиқиб, у руҳий касал бўлган, деган хулосага келишди.
Ушбу касаллик вақти-вақти билан ўзини намоён қилади ва кишига ўз танасига зарар етказиш истагида намоён бўлади. Шундай қилиб, кунларнинг бирида таниқли рассом маъшуқасига ўзининг кесилган қулоғини совға сифатида тортиқ қилган.
Стендаль Синдроми
Стендаль тахаллусига эга ёзувчи Мари Анри Байл номи билан аталган синдром ўзини катта тўпламдаги санъат асарларини томоша қилиш пайтида тез юрак уриши ва галлюцинациялар пайдо бўлишида намоён қилади.
Стендаль биринчи марта Италияга ташриф буюрганида уни ҳадсиз севиб қолган. Ўзи Наполеон армиясининг аскари бўлганига қарамай, Италия гўзаллигини кўриб тўсатдан ҳушидан кетди. Кейинчалик, италиялик психиатрлар кўплаб шунга ўхшаш ҳолатларни таҳлил қилиб, бу тасодиф эмас, балки Стендаль касаллиги деган хулосага келишди.
Безгакли Мэри
Бу касаллик эмас, балки бизга тарихдан келган аниқ белгиланган бир ифодадир. Гап шундки, ошпаз Мэри ич терлама (безгак, тиф) касаллиги ташувчиси бўлиб, у бехосдан 47 кишига юқтирган. У бир неча иш жойини ўзгартирди ва ҳар бир жойда тиф билан касалланган ҳолатлар қайд этилган. Айбловлардан сўнг Мэри ўз иштирокини рад эта бошлади. Тиббиёт эса уни касаллик ташувчиси эканлигини исботлай олди, шундан сўнг у ўз йўналишида ишлай олмасди. Ушбу воқеадан сўнг юқумли эканлигини рад этган ҳар бир одам безгакли Мэри деб аталиб келинади.
Мюссе синдроми
Ёзувчи Альфред Мюссе ёши ўтган сари ўзида бир хусусиятни сеза бошлади, у юраги уриши билан бир маромда онгсиз равишда бошини силкита бошлади. Бу касаллик қон оқимининг томирлар орқали нотўғри оғиши натижасида ҳосил бўлади. Кейинчалик аорта етишмовчилиги бўлган одамларда Мюссе синдроми ташхиси қўйила бошланган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.