Уни "Уста Улуғой", дейишади
Айрим эркаклар бор - тоғни урса талқон қилгудек кучга эга, аммо у идорадан бу идорага, у сайёр қабулдан бу сайёр қабулга бориб, моддий ёрдам сўраб юради. Шундай аёллар борки, ёлғиз ўзи фарзандлари учун ҳам оналик, ҳам оталик қилиб, тиним билмай меҳнат қилади. Кимдандир ёрдам сўрашни ор билади. Бугун ана шундай аёллардан бири ҳақида ҳикоя қиламиз.
“Бир ўзимга қирқ ҳунар оз”
Булунғур тумани Янгиариқ маҳалласида яшовчи Улуғой Дониёрова аёл бўлишига қарамасдан, кўпгина эркак кишининг қўлидан келмайдиган юмушларни бажара олади.
- Тақдир битиги экан 12 йилдирки, бир ўғил ва бир қизимни ёлғиз тарбиялаб келаман, - дейди у. – Кўп қийинчиликларни бошдан кечирдим. Бахтимга онам ёнимда, доим далда бўлади. Мақсадим - кимнингдир қўлига қараб қолмаслик, ҳалол меҳнат билан фарзандларимни вояга етказиш эди. Уларнинг отасидан ҳатто алимент пули ҳам талаб қилмасликка қарор қилдим. Қишлоқда ҳамшира бўлиб ишладим. Ойлигим рўзғор тебратишга етмасди. Ёшлигимда йигитлар учун айтилган мақолни мослаштириб, “Бир ўзимга қирқ ҳунар оз”, дея ҳунар ўрганишни канда қилмадим. Ошпазлик, тикувчилик, сартарошлик, қолаверса, деҳқончилик қилиш, белўроқ билан ишлаш, кетмон чопиш каби оғир ишлар қўлимдан келарди. Аммо бу билан ҳам қишлоқда яхши даромад қилиш имкони бўлмади. Хорижга бориб ишлашга тўғри келди. Ҳар қандай гап-сўзларга ва қийинчиликларга бардош бериш, фарзандларимни ҳалол меҳнатим орқасидан вояга етказишни олдимга мақсад қилдим.
Мусофирлик Улуғойни чархлади
У уста укалари билан бирга қурилишда ишлади. Деворларни пардозлашда йигитларга ёрдамчи бўлди. Кўп ўтмай ўзи уста бўлди ва фарзандлар соғинчи уни қишлоғига қайтарди.
- Дастлаб, ишни қишлоғимиздаги қариндошларимнинг уйларини таъмирлашдан бошладим, - дейди Улуғой. – Сабаби, бегоналар менга ишонмасди. Кейинчалик қўни-қўшнилар бажарган ишларимни кўриб, буюртма бера бошлади. Шундай қилиб, бошқа қишлоқлардан таклиф тушди. Қисқа фурсатда маҳаллада “уста опа” деган номга эга бўлдим. Ҳозирда Булунғурнинг кўпгина маҳаллаларига, ҳатто қўшни туманларга ҳам ишга таклиф қилиб туришади.
Ёлғиз ишлаш илҳом бағишлайди
Улуғой қурилган иморатнинг ғишти кўриниб турган деворларини сувашдан то пардозлаш, ранг бериш, кафел ва гулқоғозлар ёпиштиришгача бўлган ишларни маромида бажаради. Ҳатто у хоналарга электр тармоқларини тортиш, яъни монтёрлик ишларини ҳам қила олади. Аҳамиятлиси, у аксарият ҳолларда ёлғиз ишлайди.
- Ўта оғир юмушлар тўғри келиб қолмаса, ёлғиз ишлайман, - дейди у. – Биласиз, аввало, бу ишда аёл шерикнинг топилиши қийин. Йигит киши билан бирга ишлашнинг ноқулайликлари кўп. Шунингдек, баъзан иш ҳақини олишда муаммолар бўлади. Шундай шерикларга дуч келганманки, иш берувчи айрим сабабларга кўра, меҳнат ҳақини бир-икки кунга кечиктириб беришига тўғри келганда, рози бўлмайди. Шу ва бошқа муаммоларга дуч келмаслик учун ҳам ёлғиз ишлашни маъқул кўраман. Таъмирланаётган хонада қўшиқ хиргойи қилсам, овозимнинг акс-садоси менга илҳом бағишлайди. Бу ишимни тез ва сифатли бўлишига, янги дизайнлар яратишимга туртки бўлади.
Ҳалол меҳнатдан топилган пул баракали
Улуғой икки фарзанди билан 10 йил ота уйида яшашга мажбур бўлди. Энг катта орзуларидан бири ўзининг бошпанаси бўлиши эди. 2020 йилда шу истаги амалга ошиб уйли бўлди. Ўзи яшаётган маҳалла марказида бунёд этилган кўп қаватли уйдан 3 хонали квартира, бошланғич тўлови ҳокимлик томонидан тўлаб берилган ҳолда, имтиёзли кредит асосида берилди.
- Қўлида ҳунари бор одам учун бугун хорижга бориб ишлашга ҳожат қолмади, - дейди У.Дониёрова. – Мен каби усталар мисолида айтадиган бўлсам, мамлакатимизда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб бориляпти. Масалан, ўзим бир ойда устачилик қилиб, 5-6 миллион сўм пул топаман. Ҳалол меҳнат ортидан келган маблағ баракали бўлади. Пешона терим билан топаётган даромадим имтиёзли кредит асосида олган уйимнинг тўловларига, рўзғор тебратишга бемалол етяпти.
Улуғой Дониёрова ана шундай матонатли аёл. Маҳалласида исмига монанд улуғланиб яшаяпти. Орамизда учраб турадиган осон йўл билан пул топишга, кимлардандир моддий ёрдам сўрашни ўзига эп кўрган, боқимандалик кайфиятига тушиб қолган айрим аёллар, (ҳатто эркаклар ҳам) Улуғойдан ўрнак олса арзийди.
Тўлқин СИДДИҚОВ.