Университетнинг хорижлик талабалари, профессор-ўқитувчилари Самарқандда қолган. Бугун уларнинг аҳволи қандай?

Дунёни ваҳимага солаётган коронавирус сабаб олий ўқув даргоҳларида  вақтинчалик таътил давом этмоқда. Самарқанд давлат университетининг 18 мингдан ортиқ талаба-ёшлари онлайн таҳсил дарслардан унумли фойдаланиб, масофадан туриб ўқишмоқда. Муҳими, мазкур даргоҳда коронавирус юқишининг олдини олиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, мавжуд факультетлар, ўқув бинолари, олтита ётоқхона бирнеча маротаба дизинфекция қилинди. Фақат университетнинг халқаро ётоқхонасида хорижлик профессор-ўқитувчилар ва талабалар истиқомат қилишмоқда. Улар орасида қўшни Туркманистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Россия ва Испания келиб таҳсил олаётган талаба-ёшлар  яшамоқда.

Муҳаммад Абдулла Кройпок, талаба (Ҳиндистон):

- СOVID-19 ни тушда ҳам кўрмагандик. Дунё ташвишга тушган кунларни Самарқандда ўтказаяпмиз. Биз коронавирусдан холи жойдамиз. Уч маротаба бизга ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Барча шароитлар учун ўзбек халқига, раҳбарларга минг раҳмат!

Мириам Фориант, профессор (Испания):

- Ўзбек халқи интизомли ва ғамхўр. Ҳар битта иншоот, бино, турар-жой ҳимояланмоқда. Одамлар уйида қолиши керак. Ташвишланишга, саросимага тушишга ҳожат йўқ... Бугун дунё бирлашиб, ҳамкорликда коронавирусга қарши курашиши керак.

Дарҳақиқат, масъулиятли ва синовли кунларда университет мутасадди раҳбарлари хорижлик талаба-ёшлар ва профессор-ўқитувчиларга беминнат ҳомийлик ёрдамларини кўрсатишмоқда. Биз истиқомат қилаётган ётоқхонага карантин тамойиллари ва санитария-эпедимология талабларига мос тарзда, вақти-вақти билан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Ётоқхонада тиббий хизмат ташкил этилган. Хорижликлар доимо шифокор назоратида. Ўз навбатида, хорижлик мутахассислар ҳам онлайн дарсларни ташкил этишда фаол қатнашмоқда.

- СамДУ дунёнинг 80 дан ортиқ давлат олий ўқув даргоҳлари билан узвий ҳамкорлик қилади, - дейди СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Мухтор Носиров. – Карантин сабаб хорижлик профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ўз юртига кета олишмади. Улар шу ерни, Самарқандни танлашди. Бугун улар масофали ўқишда фаол иштирок этиб, онлайн конференциялар ташкил этмоқда. Дунё билан узвий алоқадамиз. Коронавирусни енгишда дунё тажрибасига таяниб, иш кўрилмоқда. Хорижлик ҳамкорларимиз бизга фаол ёрдам беришмоқда.

Бундай таҳликали ва синовли кунларда инсонга эътибор ва ғамхўрлик ҳар қачонгидан зарур. Самарқанд давлат университетининг бир гуруҳ ёши улуғ ва ҳаёт тажрибасига эга профессор-ўқитувчиларининг ташаббуси билан уларнинг бир кунлик иш ҳақи вилоят “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази”га ўтказилди. Энди бундай эзгу ишни университет ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти фаоллари ҳам амалга ошириш ниятида.

Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ,

Содиқ МАМАТОВ (фото).