UNWTO GA Халқаро таълим форумида нималар кутилмоқда?
19 октябрь куни Самарқанд шаҳрида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилотининг 25-Бош Ассамблеяси доирасида «Global Forum on Education: The Foundation of Building Tourism» Халқаро таълим форуми ўтказилади.
Форум давомида дунёнинг 10 мамлакатидан таълим ва туризм соҳаси раҳбарлари иштирок этадиган Вазирлар ялпи сессияси ўтказилади. Раҳбарлар мунозаралар давомида ҳозирги ва келажак авлодлар учун таълим соҳасида инновацияларни жорий этиш масалаларини батафсил кўриб чиқади. Сессияда IE университетининг иқтисодий масалалар бўйича вице-президенти, Тадбиркорлик ва инновациялар маркази раиси жаноб Хуан Хосе Гуэмес модераторлик қилади.
Таълим соҳасидаги етакчи экспертларнинг «Таълим соҳасидаги UNWTO фаолияти», «Эртанги куннинг инвестициялари: чексиз келажак учун трансформация, технология, инновация ва таълим» мавзуларидаги маъруза ва тақдимотлари бўлиб ўтади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон, АҚШ, Швейцария, Сингапур, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Испания, Грециядан 7 нафар спикер, шу жумладан, туризм соҳасида Ўзбекистон ёшлар етакчилари иштирок этадиган ялпи мажлис ўтказилади. Мажлисда ўрта мактабдан олий ва ижро этувчи таълимгача бўлган турли босқичларда талабаларнинг турли эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда яхлит ёндашув тақдим этилади, бу туризм саноатининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Яна бир диққатга сазовор тадбир Ўзбекистондаги UNWTO Туризм академиясининг тақдимотига бағишланади.
Бундан ташқари, Туризм ва таълим соҳасидаги улкан ютуқлар ва ташаббуслар учун «Ulysses Awards UNWTO» мукофоти тақдимотининг тантанали маросимини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Туризм соҳасида миллий ва хорижий таълим муассасалари ўртасида меморандумлар имзолаш маросими ўтказилади. Мазкур форумга туризм соҳасидаги етакчи таълим ташкилотлари, шунингдек, 30 мамлакатдан етакчи халқаро ташкилотлар вакиллари келиши кутилмоқда.