Ургут тумани мудофаа ишлари бўлими янги бинога эга бўлди
Бўлим ҳомийлик асосида “BIG story” масъулияти чекланган жамияти томонидан 6,2 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилди.
Эътиборлиси, янги бино бир вақтнинг ўзида 220 нафар чақирилувчини қабул қилиш имкониятига эга.
Юртимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар ҳар бир соҳада туб бурилиш ясамоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Фармон Азизов. – Худди шундай мудофаа тизимида ҳам. Туманимиз мудофаа ишлари бўлимининг замонавий биносини кўриб кўзим қувнади. Бир муддат муддатли ҳарбий хизматга чақирув комиссиясининг раиси сифатида йигитларни ҳарбий хизматга саралаш ишларида иштирок этганман. Ўша давр билан ҳозиргисини солиштириб бўлмайди. Битта кичкина хонага уч-тўрт киши кириб, чақирилувчилар суҳбатдан ўтказилар эди. Бугун эса ҳар бир мутахассис учун алоҳида хона ташкил қилинган. Бу чақирилувчиларни ҳар томонлама чуқур тиббий кўрикдан ўтказиб, соғлом ва баркамол, жасур йигитларни саралашга хизмат қилади.
Бўлимнинг тантанали очилиш маросимида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Фаррух Зиябоев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов сўзга чиқиб, мудофаа тизимидаги ислоҳотларга тўхталди, туман-шаҳар мудофаа ишлари бўлимлари фаолият самарадорлигини ошириш бўйича таклифларини билдирди.
Алишер Исроилов.