Ургут туризм маскани Самарқанд тажрибаси бўлсин
Туризм натижаси одамларни ишли қилиш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган соҳа саналади. Самарқандда туризм соҳасида амалга оширилган ишлар, муаммолар бўйича аввал ҳам мақолалар берганмиз. Эндиликда шу йўналишни ривожлантириш масаласи туманларда ҳам куннинг долзарб масаласига айланган.
Хўш, бугун Ургут туманида қандай ишлар амалга оширилган, мавжуд муаммолар нималарда?
Туризм қишлоғига қандай амалий ёрдам бўлди?
Ургут туманидаги Терсак маҳалласи туризм қишлоғи деб эълон қилинганлиги кўпчиликка маълум. Айтиш керакки, мазкур ҳудуднинг чиройли табиати, ўзига хос об-ҳавоси, тоғли ҳудудларда жойлашган уйлар чиройли манзарани ҳосил қилади.
Қишлоқ аҳли билан суҳбатлашганимда уларнинг ҳамқишлоғи, француз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган Қўйсин ака туфайли бу ерга хорижликлар дам олиш, табиатдан баҳраманд бўлиш учун кела бошлаган экан. Бу яхши ташаббус қишлоқдошларга ҳам “юқиб”, аста-секин маҳаллада меҳмон уйлари пайдо бўлган.
Маҳалла туризм қишлоғи, деб эълон қилингач, бу ерда меҳмон уйлари сони 25 тага етди.
Мисол учун, Офият опа Худойбердиева номига ташкил этилган меҳмон уйи бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача меҳмонни қабул қилиши мумкин. Меҳмон уйи боғнинг ичида жойлашган бўлиб, атрофдаги яшиллик, боғдаги сархил мевалар, гуллардан баҳраманд бўлиш мумкин. Боғ адоғида қурилган ҳовуздаги балиқларни томоша қилиш баробарида, унинг устига қурилган супада ҳордиқ чиқариш, хорижлик меҳмонлар учун ўзбекона таомларни уй эгалари билан биргаликда тайёрлаш, оилалардаги қадриятларни кўриш, бир сўз билан айтганда, бу меҳмон уйларида соф ўзбекона ҳаёт тарзини ҳис қилиб кўриш мумкин.
Туризмда айнан шу йўналиш эътиборли эканини соҳа мутасаддилари яхши билишади. Аммо Терсакдаги меҳмон уйларининг бир нечта эгаси билан суҳбатлашганимда уларга ҳатто имтиёзли кредит ажратилмаган экан. Боз устига, қишлоқ ўртасидан ўтувчи катта сой устидан қурилган кўприкни ҳам меҳмон уйларидан бирининг эгаси ўз маблағи ҳисобига ҳашар билан қурганлигини билдик. Гарчи, маҳаллага кириш йўлига асфальт ётқизилган бўлса-да, тоғли йўл бўлгани учун ички йўлларда юриш нафақат ноқулай, балки хавфли ҳам.
7200 нафар аҳоли истиқомат қиладиган мазкур маҳаллага марказлашган сув тармоғи энди тортиляпти, ҳозирда аҳоли қудуқ қазиб, булоқ сувидан фойдаланади, электр масаласида муаммолар йўқ, аҳоли газ баллони ишлатади.
Туманда ўнлаб туризм йўналишини амалга ошириш мумкин
Айтиш керакки, Ургут вилоятдаги йирик туманлардан бири бўлиши баробарида иқтисодий салоҳияти мустаҳкам.
Туман Самарқанд вилоятининг жанубий-шарқий томонидаги тоғлар этагида, денгиз сатҳидан тахминан 1000 метр баландликда жойлашган. Бир томондан Қашқадарё вилояти, бир томондан қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош.
Бу ерда нафақат хорижий, балки маҳаллий туристларни ҳам қизиқтирадиган қатор масканлар бор. Мисол учун, Ургут шаҳрининг шарқ томонидаги Ғўс қишлоғида жойлашган Ғавсул Аъзам зиёратгоҳи, чинорлар билан ўралиб, юқориси тоғлар билан туташиб кетган, баъзи манбаларга кўра, минг ёшли чинорлари мавжуд Чорчинор зиёратгоҳлари бугун таъмирланиб, зиёратчиларнинг доимий масканига айланган. Шунингдек, Ургутда ноёб табиат гўзалликларини мужассам этган тоғли, ўрганиш талаб этиладиган, сайёҳларга шароит яратишга муҳтож қатор ҳудудлар ҳам мавжуд. Хусусан, Амир Темур барпо этган боғлардан бири Боғи жаҳоннома, Самарқанд шаҳрининг жанубида, “Тошкент-Термиз” йўли ёқасида жойлашган, қалин дарахтзорлар орасидаги сўлим ва гўзал бир маскан, шунингдек, баланд тоғлар орасида жойлашган “Яхдон” ғорини сайёҳлар тоғ йўлларидан баландлаб, машҳур Аллаёрон чўққиларининг бутун маҳобати билан томоша қилишлари мумкин.
Шундай ғорлардан яна бири Қоратепа қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Омонқўтон қишлоғидаги тоғлардан бирида мавжуд. Ўз вақтида ғор текширилганда, экспедиция аъзолари ғорнинг фақатгина 1076 метр узунликдаги қисмига қадар бора олишган.
Қолаверса, кулолчиликни давом эттираётган 17-авлод вакиллари, моҳир тадбиркорлари каштадўзлар, тўндўзлар маҳаллалари, республиканинг барча вилоятларидан келадиган йирик бозор ҳам бу ерга сайёҳларни жалб қилиш имконини беради.
Ҳақиқатан ҳам бу ҳудудга Яратган меҳр билан ўз неъматларини улашганига ишонгинг келади. Сабаби, юқорида таъкидланган тарихий ҳудудлари, чиройли манзаралари қаторида туман яна бир катта бойлик – тадбирли, йўқдан бор қила оладиган салоҳиятли одамлари билан ҳам ном қозонган. Бу ерда саховатли инсонлар бирлашиб, ўз ҳисобидан масжид, мактаб, ҳатто тиббиёт муассасалари қурдирган. Афсуски, айнан шу салоҳиятдан туризм масаласида етарлича фойдаланилмаганини кўриш мумкин. Бугунги кунгача юқорида номлари келтирилган, баҳаво тоғли ҳудудларда сайёҳларга етарлича хизмат кўрсата оладиган меҳмонхона ҳам қурилмаган ҳатто.
50 миллион долларлик хорижий инвестициялар киритилади
- Хусусан, жорий йил якунига қадар “Натурал Драй Фруитс” хусусий корхонаси томонидан тумандаги Қоратепа сув омбори ҳудудида экотуризмни ривожлантириш ва меҳмонхона хизмати, дам олиш масканлари ташкил этилади, - дейди туман ҳокими ўринбосари Уйғун Раупов. - Шунингдек, “Замин тревел” МЧЖ томонидан Омонқўтон маҳалласи ҳудудида жойлашган собиқ “Дўстлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳи бино-иншооти ўрнида туризм зона, меҳмонхона ҳамда ёзги болалар оромгоҳи ташкил этилади. “Иштихон Голд Грапес Эхпарт” МЧЖ томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлари белгиланган ҳолда замонавий хусусий клиника, сиҳатгоҳ ҳамда нуронийлар масканлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Яқинда Миср Араб Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фахмин бошчилигидаги делегация (Аҳмед Зидан инвестор) туман тадбиркорлари билан учрашиб, Чорчинор маҳалласидаги тоғ тизмасида экотуризмни ривожлантириш, канат йўлларини қуриш лойиҳаси билан танишди ва лойиҳа 2022-2023 йилларда уч босқичда амалга оширилиши белгиланди. Биринчи босқичда 100 ўринли меҳмонхона комплексини қуриш, иккинчи босқичда 2 километр канат йўлларини қуриш ва экотуризмни ривожлантириш, учинчи босқичда 100 ўринга мўлжалланган санаторий ва даволаш муассасасини барпо этиш кўзда тутилган. Бугунги кунда ушбу лойиҳани амалга ошириш юзасидан инвесторларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Мазкур лойиҳа амалга ошадиган бўлса, 50 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилиши таъминланади.
Туризм бошқармасининг бўлимлари ҳам керак
Айтиш керакки, интернетдаги қидирув хизматлари орқали Ургут бўйича қидирувга берсангиз, юзлаб маълумотларни тавсия қилади. Улар орасида юртимиздаги энг йирик сайёҳлик фирмалари томонидан ташкил этилган йўналишлар орасида Ургут ҳам алоҳида ўрин олган.
Қолаверса, туман юқорида таъкидлаганимиздай, биргина йўналиш эмас, балки ҳам зиёрат, экологик, тоғ, дам олиш, тиббий туризм, ҳунармандчилик каби бир нечта йўналишларни ўзида жамлаган ҳудуд саналади. Туризмни ривожлантиришга оид дастурларда республикада 135 та туризм қишлоқлари ташкил этилиши белгиланган бўлса, уларнинг 11 таси Ургутдадир. Афсуски, бу бўйича ҳозир бирор амалий иш бошланмаган.
Умуман, тахминларга кўра, шу йил давомида 11 минг хорижий ҳамда 380 мингга яқин маҳаллий сайёҳларни қабул қилган туманга туризм масаласида алоҳида ёндашув талаб этилади. Ҳеч бўлмаса, шу каби бир нечта сайёҳлик йўналишлари мавжуд туманда туризм ва маданий мерос бошқармасининг бўлими албатта, фаолият олиб бориши керак. Умуман, туманда туризмни ривожлантириш бўйича масалани туман даражасида қолдириш яхши натижаларга олиб келмайди. Оддийгина мисол, туманда туризм оқими бўйича статистиканинг юритилмаслиги туфайли ҳозирги мавжуд ҳолатга баҳо беришнинг имкони йўқ.
Агар реалроқ қарайдиган бўлсак, тарихий обидалари билан етти иқлимга машҳур Самарқанд туризми ҳам ҳукумат миқёсида эътибордан (логистика, солиқ имтиёзлари ва ҳоказо) сўнггина сайёҳларни жалб этишда қатор натижаларга эришди.
Вилоятда биргина туризм хизматлари соҳасида 5,9 триллион сўмлик 365 лойиҳани амалга ошириш орқали 21 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиши белгиланган эди. Ҳозиргача, 2022 йил 8 ойи давомида 18,5 мингта янги иш ўрни яратилди. Ҳозир вилоят бўйича туризм соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ишларни санаб ўтмоқчи эмасмиз, юқоридаги рақамнинг ўзи ҳам кўп нарсадан далолат беради. Ҳатто амалга оширилган шундай кенг миқёсдаги ишларга қарамай, туризм ва маданий мерос бошқармаси маълумотларига кўра, вилоятдаги тарихий обидалар ва музейлар имкониятларининг бор-йўғи 50 фоизидан фойдаланилмоқда. Бугунги кунда вилоятда жами 98 та салоҳиятли маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, ҳозирги вақтда уларнинг 51 таси тур маршрутларга киритилган. Сайёҳларнинг тунги пайт мазмунли дам олишлари учун масканлар кам.
Бизнингча, ҳар бир қишлоғи сайёҳларни қизиқтирувчи Ургут тўлиғича туризм туманига айлантирилиши ва намуна сифатида кўрсатилиши керак. Бу эса комплекс тарзда ёндашувни, туризм соҳаси мутасаддилари, олимлар ва бошқа, етакчи экспертлар билан ҳамкорликда, ўзига хос дастур асосида ишлашни талаб этади. Қадимийлиги, ҳунармандчилиги, ўзига хос анъаналарию зиёратгоҳлари билан машҳур бу туман шундай мақомга арзийди.
Қолаверса, жуда гўзал тоғ манзаралари мавжуд туман ўзимизда бўлгани ҳолда самарқандликларнинг бошқа вилоятларга бориб дам олишлари, тўғрироғи, пул сарфлашларини қандай тушуниш мумкин? Ушбу тоғ ҳудудларида йирик дам олиш масканлари қурилиши нафақат туман, балки вилоят иқтисодига фойда келтиради-ку, шундай эмасми?
Гулруҳ МЎМИНОВА.