Ургутда катта миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситасини 7 минг долларга сотаётган оғуфурушлар ушланди

"Кўр кўрни қоронғуда топади", деганларидек ургутлик "учар"лар И.М. ва С.Т. оғунинг ортидан "ризқ"ини териб юрганлардан экан. ДХХ вилояти бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида улар - Ургут туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган И.М. ва 1994 йилда туғилган С.Т. нинг гиёҳвандлик воситалари контрабандаси ва ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди.

Ушбу шахслар Ургут шаҳрида 957,82 грам миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситасини 7 000 АҚШ долларига сотаётган вақтда тезкор гуруҳ томонидан қўлга олинди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ургут туманида истиқомат қилувчи 1967 йилда туғилган А.М. ҳамда 1987 йилда туғилган С.М. ҳам гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб, Самарқанд шаҳрида яшовчи жиноий шерикларига етказиб бериш билан мунтазам шуғулланиб келаётганлиги аниқланди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида С.М.нинг бошқарувидаги “Матиз” русумли автомашина “Ургут-Самарқанд” йўналишида ҳаракатланиб келаётганда тезкор гуруҳ томонидан тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Унда А.М.нинг ён чўнтагида 59,85 гр. “опий” гиёҳвандлик воситаси топилган.

Бундан ташқари, уларнинг Ургут туманидаги яшаш хонадони кўздан кечирилганда 489,73 гр. “опий” ва 40,72 гр. “героин” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланган.

Ҳар иккала ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилиб, жами 1.5 кг. дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаладан олинди. Ҳозирда бу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилган.