Ургутда қарийб 1 килограмм опийни 18 минг долларга сотмоқчи бўлган шахсларга ҳукм ўқилди
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар, божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйилган.
Бир гуруҳ шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб, оғирлиги 966 грамм бўлган «опий»ни Ургут тумани Жартепа маҳалласи ҳудудида Р. исмли шахсга 18 000 АҚШ долларига сотаётган пайтда жиноят устида қўлга олинган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан тўпланган материаллар 2021 йил феврал ойида жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, суд судланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ҳукмни эълон қилди.
Судланувчиларнинг барчаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилиб, 1994 йилда туғилган С.М.га 10 йил 6 ой, 1999 йилда туғилган М.Ў.га 11 йил 6 ой, 1993 йилда туғилган И.П.га 11 йил, 1996 йилда туғилган Ш.Ҳ.га 11 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.