Ургутда тўрт кунда 214 нафар болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилди
Ота-она фарзанд кўрганида зурриёди камолот чўққисини эгаллашини, мазмунли ҳаёт кечиришини, Ватанига содиқ хизмат қиладиган фарзанд бўлиб улғайишини орзу қилади. Лекин ҳаётда ҳар доим ҳам инсонлар орзу қилганидек бўлмас экан. Баъзи муаммолар, оилавий қийинчиликлар ёки баъзи ота-оналарнинг эътиборсизлиги оқибатида айрим оила фарзандлари туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларсиз улғайиб келаётгани аниқланмоқда.
Шунга ўхшаш ҳолатлар Ургут туманида кузатилди. Яқинда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов мазкур туманда бўлиб, туман аҳолисини қийнаб келаётган муммоларни тинглади. Турли соҳалар бўйича келиб тушган мурожаатлар таҳлилига кўра, 214 ҳолатда туман ҳудудидаги айрим маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келаётган кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакилларининг фарзандлари туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларга эга эмаслиги маълум бўлди. Вилоят ҳокими ушбу мурожаатларни ижобий ҳал этиш юзасидан туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари ҳамда ФҲДЁ бўлимига зарурий кўрсатмалар берди.
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан Ургут туманидаги ушбу ҳолатлар бўйича сайёр тартибда ўтказилган тадбирларда ҳақиқатдан ҳам юқоридаги ҳолатлар ўз исботини топди. Айрим оилаларда ҳаттоки, фарзанди мактабни битириш арафасида бўлишига қарамасдан, туғилганлик гувоҳномасига эга эмаслиги кишини таажжубга солди. Дастлаб, ушбу муаммоларнинг сабаблари таҳлил қилинди.
Ургут тумани аҳоли сони жиҳатидан вилоятнинг энг катта ҳудудларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, энг кўп туғилиш ҳам Ургутда қайд этилади.
Сайёр тартибда маҳаллаларда ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, ушбу туманда кўпчилик оилаларнинг фарзандлари уйда туғилиши каби ҳолатлар кўп кузатилар экан. Айнан мана шундай ҳолатлар юқоридаги муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Чунки уйда туғилган фарзандга туғилганлик гувоҳномасини олишда айрим ота-оналарнинг бепарволигиданми ёки ҳақиқатдан ҳам оилавий етишмовчилик боисми, масала эътиборсиз қолиб кетади. Мана шундай салбий ҳолатларнинг йиллар давомида юзага чиқиши эса ўша пайти арзимас туюлган оддий бир ишнинг катта муаммога айланишига олиб келади. Бунинг жабрини эса афсуски, фарзандлар кўраётганлиги ачинарли ҳол.
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ш.Азизов бошчилигида Ургут тумани 1- ва 2-ФҲДЁ бўлимлари ходимлари томонидан тумандаги 214 та оилаларнинг турмуш шароитлари жойига бориб ўрганилди. Хусусан, туманнинг 1-сектор ҳудудидаги 50 та, 2-секторда 54 та, 3-секторда 69 та ҳамда 4-сектор ҳудуди бўйича 41 нафар болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари мавжуд эмаслиги аниқланди.
Туман ҳокимлиги ҳамда сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда ушбу масалалар ижобий ҳал этилди. 4 кун ичида 214 нафар болаларнинг барчаси туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларга эга бўлди. Гувоҳонамалар бошқарма бошлиғи ўринбосари Шерзод Азизов ҳамда тумандаги 1- ва 2-ФҲДЁ ходимлари томонидан жойида, сайёр тартибда топширилди.
Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинларида маҳалла фаоллари ҳамда фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолари тингланди. Уларнинг мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунча ҳамда маълумотлар берилди.
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.