Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутдаги мактаб жамоаси интернетда ота-оналарга қатъий мурожаат билан чиқди

Ургут туманидаги 66-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ижтимоий тармоқлар орқали ота-оналарга мурожаат қилиб, фарзандлар тақдири, келажаги ҳақида жиддий огоҳлантирди.

Айрим ота-оналарнинг фарзанд таълим-тарбиясига, умуман, келажагига эътиборсизлик ҳолатлари мурожаатнинг асосий мазмунида ўрин олган. Мазкур мурожаат нафақат юқоридаги мактабда фарзандлари ўқийдиган, балки ҳар бир ота-онани таълим-тарбия масаласида огоҳ бўлишга ундайди.

«Биз, устозлар аниқ биламизки, сиз жондан азиз фарзандларингизни илм олиши ва тарбиясини бизга ишониб топширгансиз, биз бу машаққатли ишга жон-жаҳдимиз билан киришганмиз.

Аммо бола барибир кўпроқ уйда, оила даврасида бўлади ва у ердаги муҳит унинг тарбиясининг асоси ҳисобланади. Бола ҳар жиҳатдан ота-онасига кўпроқ қулоқ солади.

Афсуски айрим ота-оналар фарзандлари тарбиясига мутлақо бефарқлар! Лоақал болани мактабга формада боришини таъминлаб беришни иложи бор-ку.

Бола истаган кийимида мактабга келаверса, ўқув қуроллари бўлмаса!.. Китоб-дафтарсиз мактабга келишдан нима наф? Болага дарслик уйда сақлаш учун берилмайдику. Уйда ҳам ўша китобларни ўқув йили давомида бирор марта очиб кўрмайдиган ўқувчиларимиз бор. Ахир, биз уй вазифаларини уйингизга бориб тайёрлата олмаймиз-ку! Бу сизнинг вазифангиз эмасми, ҳурматли ота-она?!

Боланинг мактабда ўзини тутиши, устозлар, ўртоқларига муносабати, оғзидан чиқаётган сўзлари, булар ҳаммаси оиладаги муҳит, у ердаги тарбияга боғлиқ эмасми? Не-не умидлар билан ўстираётган фарзандингизни қандай инсон бўлиб улғаяётгани наҳотки сизни мутлақо қизиқтирмаса?! Болани қорнини тўқлаб, эгнини бутлаб қўйиш билан чекланмайди-ку ота билан онанинг бурчи!

Афсуски, баъзи ота-оналар ўзларининг вазифалари фақат шу деб ўйлашади. Ҳолбуки, булардан ҳам муҳим, булардан ҳам қийин ва булардан ҳам асосий вазифа ҳам бор, бу фарзанднинг маънавий-ахлоқий тарбиясидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Ота-она фарзандига яхши хулқдан ҳам ортиқроқ нарса бера олмайди”.

Демак, ота-она фарзандига берадиган энг яхши нарсаси қимматбаҳо кийим, яхши таом ёки ажойиб совға эмас, балки гўзал хулқ ва яхши тарбияси экан. Чунки кийим, таом ёки совға болага маълум вақт фойда беради, вақт ўтиши билан эса эскиради. Гўзал хулқ, яхши тарбия эса фарзандга умри давомида фойда беради», дейилади хатда.