Ургутда ночор оилага янги уй қурилмоқда

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги “Ғавсул Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби Тўлқин Исаев Жарқишлоқ қишлоғида яшовчи боқувчиси йўқ, кам таъминланган, 4 нафар фарзанди бор Муқаддас Ориповага ҳашар йўли билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда уй-жой қуриб бермоқда.


М.Орипова турмуш ўртоғи вафот этгач, тўртта фарзанди билан ёлғиз қолган. Уй масаласида ёрдам сўраб тегишли тартибда мурожаатлар қилган. Бундан хабар топган масжид имоми маҳалладаги саховатли кишилар ва ҳомийларни бева аёлга ёрдам кўрсатишга тарғиб этди. Шунинг билан боқувчисини йўқотган оила учун бошпана қуриб беришдек савобли иш бошлаб юборилди.

Олти сотих майдонда қурилаётган ҳовлига ҳозирги кунгача 100 миллион сўм сарфланди. Иморат кўтарилиб, том қисми ёпилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маълум қилди.