Уйқучи одам: Қишда уйқуга кетаман ва турли муаммоларга дуч келмайман

Америкалик Артур Геркенинг ғалати одати бор эди. У ҳар йили ноябрда худди айиқ сингари қиш уйқусига кетарди ва апрелда уйғонарди.

Уйқучи бу одам 1935 йил сентябрь ойида матбуот “қаҳрамони”га айланди. У ҳақида мақола “Вискон” журналида нашр этилган, кейинчалик Артурнинг тарихи бутун дунёга тарқалган.

Бу ҳолатни у журналистларга қуйидагича тушунтирарди: “Мен қиш уйқусига кетаман ва ҳар хил муаммоларга дуч келмайман. Ўйин-кулгини соғинаман, албатта. Асосийси, нохуш нарсалардан йироқда бўлиб, уларни соғинмайман.

Агар ҳамма одамлар қиш уйқусига кетганда эди, дунёда бу қадар машаққат ва глобал чалкашликлар бўлмасди”.

Психиатрнинг фикрича, Герке неврозлардан азият чекади. Унда жигар касаллиги бор эди ва Артур бундан жуда хавотирда бўларди. У “уйқу билан соғлиғимни тиклайман”, деб ишонган. Эҳтимол, тўғри қилгандир – жигарда ўзини тиклайдиган ажойиб хислат бор. Муҳими, у спиртли ичимликлар ва ёғли овқатлардан дам олган.

Шу билан бирга Артур ишбилармон эди. Ажабланарлиси, унинг ухлаши бизнесига таъсир қилмаган. У Turkey's Roost (Турк кечаси) номли бар эгаси эди.

Қишки уйқу даврида унинг ўрнини мавсумий бармен эгалларди. “Уйқучи одам” матбуотда эълон қилинганидан сўнг, унинг шуҳрати  ресторанига ташриф буюрувчиларининг қўшимча оқимини таъминлаб берди.

Қизиғи, неврологлар яқинда “уйқучи одам”нинг бу ҳолатига изоҳ берди: Одам генетикасида уйқуга кетиш хусусиятини ўчириб ёқадиган “калит” борлигини аниқланди. Агар у тўғри фаоллаштирилса, одам донг қотади.

Бундай одамда тана ҳарорати пастроқ бўлади, метаболизм секинлашади ва у овқат талаб қилмасдан ухлайверади. Калит – бу гипоталамусдаги нейронлар гуруҳи. Одам уни ўз хоҳиши билан айлантира олмайди – бу яширин механизм. Артур бу жараённи ўзи қандай қилиб бошқарганлиги ҳозиргача сир бўлиб қолмоқда.

Ҳозирда олимлар одам гибернацияси (сунъий ухлаш) деб аталадиган масалани фаол ўрганмоқда. Келажакда бу космик узоқ масофага саёҳат қилиш учун ҳам керак бўлишини назарда тутиб, одамларда қиш уйқусини қўзғатиш механизмини ишлаб чиқиш муҳим.

Герке 1913 йилда “қишлашни” бошлади ва 1942 йилгача одатига содиқ қолди. У 59 ёшида жигар хуружидан эмас, балки ўткир анемиядан, ўзи орзу қилганидек, ҳеч қандай муаммосиз - тушида вафот этди.

Баҳора тайёрлади.