Узоқ вақт аэропортларда қолиб кетган кишилар (баъзилари ҳозир ҳам у ерда яшайди)
Эҳтимол ҳар бир киши ҳаётида камида бир марта аэропортда ўзи режалаштирганидан кўпроқ вақтини ўтказган. Бироқ бир неча ой, баъзида эса ўнлаб йиллар давомида аэропортда яшашга мажбур бўлган одамлар бор, айримлари эса шу кунгача ҳатто ташқарига чиқолмай транзит зонасида яшашда давом этмоқда.
Голливуд продюссери Стивен Спилбергнинг “Терминал” фильмини суратга олишга илҳомлантирган 18 йил Париж аэропортида яшаган машҳур эронлик қочқин Меҳран Нассери тўғрисида ёзган эдик.
Бугун дунёнинг турли бурчакларидан келиб, турли хил сабаблар туфайли аэропортларда қолиб кетган яна бир неча воқеалар ҳақида сўз юритамиз.
Денис Луис де Соуза 16 ёшлик ўспиринлигида аэропортга кириб 19 йилдан бери у ердан чиқмайди
Деярли 20 йил давомида Денис Луис де Соуза Сан Паулу халқаро аэропортидан чиқмайди, у ерга ўгай онаси билан келиб чиққан зиддият туфайли кўчиб ўтишга мажбур бўлган. Денис Бразилиядан ҳеч қаерга учишни режалаштирмаган ва ҳозирги яшаш жойидан жуда мамнун.
Бугун 35 ёшлик бразилиялик аэропортда яшашни давом этяпти ва унинг ташқарисида нима бўлаётганини билишни истамайди.
Санжай Шоҳ – фуқароликдан воз кечиб ҳеч қаерга уча олмади
Кениялик Санжай Шоҳ 2004 йилда Буюк Британияга иммиграция қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган чет эл паспорти билан келганида унга кириш ҳуқуқи берилмаган. Муаммо шундаки, у Европага саёҳат қилишидан олдин ўз паспортидан воз кечган, шу сабаб Шоҳ ватанига қайтишга имкон берадиган фуқароликсиз қолган. Санжай Найроби аэропортининг жўнаш заллари ва иммиграция пештахталари ўртасида ҳаракатланиб, 437 кун яшашига тўғри келди. Оммавий ахборот воситаларининг диққати ва жамоатчилик кўмаги туфайли Санжай Шоҳ ҳозирда оиласи билан яшаб келаётган Буюк Британия фуқаролигини олишга муваффақ бўлди.
Ҳасан Ал Контар жанг қилишдан кўра терминалнинг транзит ҳудудида яшашни танлади
Суриялик Ҳасан Ал Контар 2011 йилда ватанида уруш бошланганида Дубайда ишлаб юрарди. Агар у уйига қайтиб келса, жанг қилиши кераклигини билгани учун иш визаси тугагандан сўнг БААда қолди, кейинчалик 2018 йилнинг март ойида Малайзияга депортация қилинди. Комбожа, Малайзия, Туркия ва Эквадорга кириш тақиқланганидан сўнг у Куала-Лумпур аэропортининг транзит зонасида қолди.
Контар 208 кун давомида зинапоя остида ухлади, ногиронлар ҳожатхонасида ювинди ва йўловчилар томонидан эҳсон қилинган овқатларни истеъмол қилди.
Ҳасан Канаданинг Уистлер шаҳридаги оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси ва унинг Канадага кўчиб ўтишини ташкил қилган Лаура Куперни ўзининг халоскори, деб билади.
Фенг Женгу – уйига қайтиши тақиқланган ҳуқуқушунос
Хитойлик ёзувчи ва фуқаролик ҳуқуқлари фаоли Фенг Женгу 2009 йил ноябрь ойида синглисидан хабар олишга Японияга ташриф буюрган. Шанхайга қайтиб келганида, чегарада унга мамлакатга кириши тақиқланганлиги туфайли у Токиога қайтарилган.
Шу тарзда Хитой ҳукумати безовта қилувчи фаолдан халос бўлишни истаганди, бироқ Фенг Японияда қолишни хоҳламасдан, ўз юртига қайтишга рухсат берилишини кутишга қарор қилди.
Фенг 86 кун давомида аэропортда ўз муаммосига дунё оммавий ахборот воситалари эътиборини жалб қилиш учун ҳаракат қилди. У “Хитой фуқаросига Хитойга 8 маротаба кириш тақиқланди” деб ёзилган футболкани кийиб юрар эди, шу орқали имкон қадар кўпроқ одам унинг аҳволи тўғрисида билиб олди. 2010 йилнинг февраль ойида Хитой Янги йили арафасида унга оиласи билан байрамни нишонлаш учун ниҳоят она шаҳрига қайтишга рухсат берилди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.