Узоқ йилдан сўнгги иқрор: Юртимизда қанча камбағал бор?
Камбағалман, дейиш учун ичимиздаги жуда кўп туйғуларни енгишимизга тўғри келади. Бу ориятданми, ғурурданми, ишқилиб, нимадан бўлса-да, ўзбек халқи камбағалман, деган сўзни осонликча айтмайди. Бугун ундай эмас, ана, халқ қабулхонасига боринг, сайёр қабулларни кўринг, ижтимоий тармоқларни кузатинг, қанчаси уй сўраб, шароити оғирлигини рўкач қилаётир, дейишингиз мумкин. Мен ҳам шу ҳақда ўйладим. Лекин уларнинг бирортаси мен камбағалман, қашшоқман, демайди. Эҳтимол, шунинг учун бу сўз узоқ йиллар катта давраларда айтилмади. Камбағал аҳоли борлиги ва бу бўйича аниқ ишлаш кераклиги деярли тилга олинмади.
Тилга олинмагани, бизнинг онгимизга сингмагани демакдир. Аммо айтилмагани, муаммонинг йўқлигидан дарак бермайди. Бордирки, халқаро ташкилотлар инсонпарварлик ёрдами сифатида баъзи кўмакларни амалга оширмоқда.
Яқинда шундай ташкилотлардан бири соғлиқни сақлаш тизимида катта бир акция ўтказди. Хориждан келган ташкилотчилар билан суҳбатлашаман:
– Ушбу инсонпарварлик акциясини шу пайтга қадар яна қайси давлатларда ўтказгансиз?
- Асосан Африка давлатларида. Энди Ўрта Осиё мамлакатларида ўтказишни бошладик, - деб жавоб беради улар.
Юрагим шиғиллаб кетди. Менам ўша, камбағалман, дейишга ор қиладиган халқнинг бир вакилиман, ахир. Ўшанда ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда «наҳотки», дея ишончсизлик пайдо бўларди ҳар сафар. Ҳатто қуйидаги каби хабарларни ўқиганимда ҳам кўнглимда яхши томонга умид кўпроқ бўларди:
«БМТ Тараққиёт дастури навбатдаги Инсон тараққиёти индексини эълон қилди.
Бу йилги рейтингда илк уч ўринни Норвегия, Швейцария ва Ирландия эгаллади. Ҳаёт даражаси энг ёмон деб топилган уч мамлакат Чад, Марказий Африка Республикаси ва Нигерия бўлди.
Ўзбекистонга эса Туркманистон билан битта – 108-ўрин раво кўрилди. Қолган қўшни давлатларнинг ўринлари қуйидагича: Қозоғистон – 50, Қирғизистон – 122, Тожикистон – 125, Афғонистон – 170».
Ушбу факт 2019 йил сўнггидаги маълумотлар. Ҳақиқий ҳолатни таҳлил қилишга барибир нимадир изн бермайди. Атрофга қараймиз, одамлар ёмон яшаётгани йўқ-ку, ахир! Ўзбекистоннинг 90 фоиз аҳолисининг уйи бор, шу энг катта бойлик-ку, мактаб бепул, соғлиқни сақлаш бепул ва ҳоказо, каби таскиннамо фикрлар бўй кўрсатади. Аммо шаҳардан 30 километр нарига чиқсак, бошқача воқелик намоён бўлади. Яшаш учун оддийгина, зарур бўлган воситаларга эҳтиёжнинг йўқлиги, одамлар онгида аллақачон яхши яшаш учун албатта қаёққадир кетиш керак, деган тушунчанинг шакллангани. Сал жиддийроқ хасталикни даволаш ҳам оила бюджетига катта таъсир кўрсатиши… Сувни ташиб, сотиб олиб ичаётган оилалар…
Узоққа бормайлик, яқиндагина содир бўлган воқеа ҳеч хаёлимдан кетмайди. Бир эркак киши жуда кўп идораларга қатнаб юрди, ўша пайтлари уч эгизак фарзандли бўлганди у. Табиийки, уч фарзанд учун бир онанинг сути етмайди. Унинг эса рафиқаси фарзандларини дунёга келтиргач, бу олам билан видолашганди. «Бола озиқасига қийналяпман, ёрдам беришнинг иложи йўқмикан?», деган мазмунда кўп жойларга мурожаат қилди. Амалдорларнинг энсаси қотди: «Ўл, эркак бўлмай, боланинг кашаси учун пул сўрашга уялмадингми?» мазмунида бир-бирига маъноли қараш қилди. Бола «каша»сининг нархи билан у эрта-ю кеч ишлаб топаётган маоши ўртасида номувофиқлик ҳақида ўйлаб кўришга эҳтимол, уларнинг ҳам ғурури йўл қўймагандир.
10-12 фоиз аҳолининг камбағал эканлиги кичик рақам эмас. У билан қарши курашиш бевосита иқтисодиётни мустаҳкамлаш билан боғлиқдир. Одамларда тадбирлилик кўникмасини шакллантириш, кези келганда тадбирли кишиларни, аравасини тортишда қийналаётган ҳудудларга жой бериб жўнатиш каби амалларни кўпайтириш яхши натижа бўлса керак. Бундай амалиётнинг вилоятимизда қўлланилгани ва мутасаддиларнинг айтишларига қараганда яхши натижа бераётгани ҳам бор гап. Яъни ургутлик тадбиркорлар учун Нуробод туманидан ер ажратилгани қайсидир маънода шу туман салоҳиятини яхшилашга қаратилган қадам сифатида баҳолаш мумкин. Катта иқтисодиёт ҳақидаги бундай тажрибаларни кўплаб мисол келтириш мумкин. Гап оддий инсонларнинг турмуш тарзини яхшилаш ҳақида кетар экан, бундан бошқа, индивидуал ёндашувли режаларни кутиб қоламиз, албатта.
Дарвоқе, ғурур ҳақида… Камбағалликни тан олиш ва имкон борича унга қарши ҳаракат қилиш кераклиги юксак минбардан айтилгани, муаммога очиқ-ойдин қаранглар, дегандай туюлди. Модомики, камбағалликни айтишга ғурур изн бермас экан, у қашшоқликка қарши курашишга чоғласин. Муҳими, ғурур ҳаракатга, ҳаракат эса ғурурга тушов бўлмаса бўлгани.
Гулруҳ МЎМИНОВА.