Камбағалларга, аввало, даромад манбаи яратилади. Хўш, қайси манба ва имкониятлар эвазига?
Вилоятда 52 минг 48 оила “Темир дафтар”га киритилган. Мазкур оилаларнинг 231 минг 767 нафар аъзоси бор ва улардан 67 минг 500 нафари меҳнатга лаёқатли бўлса-да, иш билан таъминланмаган.
Аслида, 2020 йил апрель ойида “Темир дафтар”га 47 770 оила киритилган эди. Жойларда аҳоли билан ўтказилган мулоқотлар натижасида 4 278 оила қўшимча рўйхатга олинди.
“Темир дафтар”га киритилган 4 651 оила боқувчисини йўқотган, 7 190 таси ногиронлиги бўлган ва 24 954 таси ишсиз ва доимий даромадга эга бўлмаган оилалардир.
Шунингдек, рўйхатдагиларнинг 2 минг 368 таси кўп болали, 1 минг 704 таси хорижга кетиб, оиласига даромад келтирмаётган, 6 903 таси бошқа ҳар хил ижтимоий ва иқтисодий аҳволи бўйича камбағаллиги аниқланган оилалар ҳисобланади.
Ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқта”си бор
“Темир дафтар”га киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилиши билан бирга бу йўналишда янги тизимлар ҳам жорий этилмоқда.
Мисол учун, шаҳар ва туманлар секторларида иқтисодий комплекс ташкилотларининг малакали раҳбар ва ходимларидан иборат 64 та “бошқарув офислари” ҳамда 1100 та маҳаллага тижорат банкларининг масъул ходимлари “доимий вакил” сифатида бириктирилди.
Президентимизнинг жорий йил 15-16 апрель кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқларига асосан тажриба сифатида Паст Дарғом, Булунғур ва Ургут туманларида “маҳаллабай” ишлаш марказлари ташкил этилди. Ушбу марказларнинг ҳар бири 9 та штат бирлигидан иборат бўлиб, 1 нафар марказ раҳбари, 4 нафар бўлим бошлиғи ва 4 нафар бўлим ходимлари тайинланди. Ҳар 3 та маҳаллага 1 нафардан инспектор бириктирилди. Энди ушбу марказ ходимлари ва инспекторлари бюджетдан ойлик олади.
Маҳаллаларнинг тадбиркорлик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосарлари бевосита шаҳар ва туманлар ҳокимларининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосарлари тизимига ўтказилди.
Маҳаллаларда ҳар бир оиланинг ижтимоий ва иқтисодий аҳволи “Бошқарув офис”лар, доимий вакиллар ва 3 та ҳудудда янги ташкил этилган марказлар томонидан уйма-уй юриш орқали хатловдан ўтказилди.
Шу билан бирга, хатлов натижасида ҳар бир маҳалланинг аҳолиси азалдан кўникма ва бой тажрибага эга бўлган 33 та ихтисослашган йўналишлари ёки маҳаллаларнинг 1700 тадан ортиқ “ўсиш нуқта” (драйвер)лари аниқланди.
Ишсиз фуқаролар билан индивидуал сўровномалар ўтказилиб, уларнинг хоҳиш-истаклари ўрганилди.
Ўрганишлар натижаси асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳар бир маҳаллани ривожлантириш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди. “Йўл хариталари” халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашларининг сессияларида муҳокама қилиниб, тасдиқланди.
Режада нималар кўзда тутилган?
Ишлаб чиқилган “Йўл хариталари”га асосан вилоят бўйича 64 мингдан ортиқ доимий даромадга эга бўлмаган оилалар, шунингдек, 132 минг 145 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
Қайд этиш лозимки, мазкур фуқароларнинг 61 минг 852 нафари 18-30 ёшдаги йигит-қизлар, 32 минг 899 нафари 30 ёшдан катта хотин-қизлардир.
Ишсиз фуқароларнинг 15 минг 155 нафарини касб-ҳунарга ҳамда 5 минг 537 нафарини тадбиркорликка ўқитиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, “Йўл хариталари”да ҳар бир маҳалланинг ижтимоий-инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг коммунал хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондириш (ички кўчаларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, табиий газ ва суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш) ҳамда мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт муассасаларини янгидан қуриш ва мавжудларини таъмирлаш белгиланган.
Жамшид Ўроқов,
вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари.