“Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларига биринчи ўқув йили учун контракт пули тўлаб берилади

“Темир дафтар”га кам таъминланган оила деб эътироф этилган, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган аъзолари мавжуд оилалар, кам таъминланган якка-ёлғизлар ва кексалар, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилалар, кўп (4 ва ундан ортиқ) фарзандли моддий кўмакка муҳтож оилалар, меҳнатга лаёқатли ишсиз аъзолари мавжуд эҳтиёжманд оилалар, тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд оилалар, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзи ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой бўлмаган эҳтиёжманд оилалар киритилади.

Бунда агар юқоридаги тоифаларга мос келадиган оилаларнинг аъзолари мос равишда “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га ҳам киритилган бўлса, ушбу оилалар рўйхати “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да ҳам юритилади.

“Темир дафтар”га киритилган оилалар қуйидаги сабаблар билангина мазкур дафтардан чиқарилиши мумкин:

➖ бандлиги таъминланган ёки доимий даромад манбаига эга бўлганда;

➖бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш орқали муаммоси ҳал этилганда оила аъзосининг розилиги билан;

➖малакали тиббий хизмат кўрсатилганда;

➖тўлиқ давлат таъминотига олинганда;

➖аниқланган бошқа муаммолари қонуний ҳал этилганда;

➖ёлғиз яшайдиган эҳтиёжманд фуқаро озодликдан маҳрум этилганда ёки вафот этганда;

➖оила аъзосининг мурожаатига асосан;

➖“Темир дафтар”га ноқонуний киритиш ҳолати аниқланганда;

➖бошқа давлатларга доимий яшаш учун чиқиб кетганда.

“Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларига биринчи ўқув йили учун контракт пули тўлаб берилади.

“Темир дафтар”га икки ва ундан ортиқ масалаларини ҳал этиш учун киритилган оилаларнинг барча масалалари тўлиқ ҳал этилиши дафтардан чиқариш учун асос бўлади.