“Темир дафтар”даги оилаларга 27 миллион сўмлик воситалар берилди

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида ушбу тоифадаги аҳоли қатлами бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши учун имконият яратиш вазифаси белгилаб берилган.

Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Пайариқ туманидаги маҳаллаларда “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг истак ва талабларидан келиб чиқиб, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Пайариқ тумани бўлинмаси қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 27 миллион сўм маблағ ажратилди.

Ушбу маблағ ҳисобидан 30 та оила вакилларига тикув машинаси, пишириқ тайёрлаш печи ҳамда пайвандлаш ускунаси олиб берилди. Шу орқали уларнинг даромад топиб, рўзғор тебратишига имконият яратилди.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунга қадар Пайариқ туманида 3694 та оила “Темир дафтар”га киритилган. Ҳозиргача уларнинг 3589 тасигай ёрдам берилиб, рўйхатдан чиқарилган.