Самарқандда бугунгача “Темир дафтар”даги оилаларнинг меҳнатга лаёқатли 66 минг 629 нафар аъзоси бандлиги таъминланди. Қандай қилиб?

Бу шу мақсадда олиб борилган тадбир, имкониятлар, белгиланган лойиҳалар натижасида амалга ошди. Жумладан, 444 киши оилавий тадбиркорликка, уларнинг 154 нафари ҳунармандчиликка жалб этилди. 4 971 киши жамоат ишларига олинди, 6 188 нафар фуқаро саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишга туширилган ёки фаолияти кенгайтирилган корхоналарга жойлаштирилди.

Уй-жой ва инвестиция дастури бўйича қурилаётган объектларда 1530 кишининг бандлиги таъминланган бўлса, 7 771 нафар ишсизларга ер ажратиб берилди. Ўзини ўзи банд қилган “Темир дафтар”даги фуқаролар сони 42 минг 14 нафарни ташкил қилди.

Бундан ташқари, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 52 минг 48 оилага 41,8 миллиард сўмлик ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 31 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 111,6 миллион сўмлик дори-дармонлар етказиб берилди. Нақд пул шаклида 1,4 миллиард сўмлик моддий ёрдам, 2,4 миллиард сўмлик чорва моллари ва паррандалар берилди. Шунингдек, 6,9 миллиард сўмлик бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилди.

Энг муҳими, жорий йилда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”даги меҳнатга лаёқатли, аммо ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, ўзини ўзи банд қилиш ва қўшимча даромад манбаини шакллантириш мақсадида 10 минг 464 фуқарога 20,6 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар тарқатилди.

“Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Темир дафтар”даги оилаларнинг олий таълим муассасаларида ўқийдиган 72 нафар фарзандларининг 279,3 миллион сўмлик контракт пуллари тўлаб берилди.

Бу каби амалий ишлар натижасида халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларининг қарорлари билан 64 минг 764 нафар бандлиги таъминланган аъзолари бўлган 47 минг 35 та оила “Темир дафтар”дан чиқарилди.

Мазкур рўйхатда 1 июль ҳолатига 19 минг 610 нафар оила аъзоси ва 2 минг 736 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлари бўлган 5 минг 13 та оила қолмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида “Маҳаллабай” ишлашда Андижон вилояти тажрибаси асосида ишларни ташкил этиш топшириғи берилган.

Шу асосда шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари томонидан 197 та шароити оғир маҳаллалар (жами маҳаллаларнинг 20-25 фоизгача) рўйхати шакллантирилди. Ушбу маҳаллаларда аҳоли кўникма ва тажрибасидан келиб чиқиб, белгилаб олинган “ўсиш нуқтаси” бўйича 2-3 та лидер тадбиркорлар танлаб олинмоқда.

Ҳар бир маҳаллада доимий даромадга эга бўлмаган оилалар ва улардаги меҳнатга лаёқатли ишсизлар “лидер” тадбиркорларга бириктирилиб, бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.

Жамшид Ўроқов,

вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари.