Тандир "темир дафтар"дан чиқишга ёрдам берди(ми?)
Ўз округидаги оилаларни камбағалликдан чиқариш, "темир", "аёллар" ва "ёшлар" дафтарларидаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида маҳаллий бюджетдан вилоят Кенгаши депутатларининг ҳар бирига 50 миллион сўмдан пул ажратилганди.
Самарқанд туманидан вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган С.Мирсаидова ҳам ушбу маблағ ҳисобидан ўз округидаги 16 оилага моддий кўмак кўрсатди. Жумладан, 6 та тикув машинаси, 3 та мотокультиватор, пишириқ печи, газ плитаси олиб берилди. Шунингдек, икки оиланинг уй-жойини таъмирлаш учун ёрдам берилди, бир оиланинг ҳовлисида иссиқхона қурилди.
Туманнинг Қавчинон маҳалласида яшовчи М.Насимов эса депутатга мурожаат қилиб, уйида новвойлик билан шуғулланиши учун шароит яратишда ёрдам сўради.
- "Темир дафтар"да рўйхатда турадиган бу фуқарога ҳомийларни жалб қилиб, тандир ва 300 килограмм олий навли ун олиб бердик, - дейди 48-Даштак сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати С.Мирсаидова. - Натижада бу оила патир пишириб сотишни йўлга қўйди ва доимий даромад манбаига эга бўлди. Хонадонни оталиққа олдик, бундан буён ҳам улар ўз тадбиркорлик фаолиятини тўғри йўлга қўйиб олгунича уларга ёрдам бериб турамиз.