Ваҳима чиқаришга қаратилган материаллар 89,2 миллион сўмгача жарима ва 8 йилгача қамоқ билан жазоланишга сабаб бўлади
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси вилоятимиз аҳолисини ваҳима тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги тўғрисида огоҳлантиради.
Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 миллион 600 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 миллион 900 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Юқоридаги ҳаракатлар:
- олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;
- хизмат мавқеидан фойдаланиб;
- диний ташкилотлардан, шунингдек, чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;
- оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.