Вақт ва харажатларни тежашни қачон ўрганамиз?

Юртимизда учинчи сектор - нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилишга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Соҳани такомиллаштириш, айни вақтда улар фаолиятини ташкил этишни соддалаштириш бўйича давлатимиз раҳбарининг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинган. Албатта, уларда белгиланган вазифалар муайян изчилликда, босқима-босқич амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги фармони билан Адлия вазирлиги томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ННТлар фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни электрон тақдим этиш имкониятини таъминловчи электрон тизим ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси белгиланганди.
Шу асосда ННТлар томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларини ва уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказишга, қайта рўйхатдан ўтказишга доир ҳужжатларни адлия органларига электрон тарзда юбориш имконини берадиган “e-ngo.uz” электрон тизим ишлаб чиқилди.
Бу тизим орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисобот топшириши ҳам мумкин.
Қолаверса, чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишишга доир ҳужжатларни ва амалиётга жорий этилиб, йил бошида нодавлат нотижорат ва диний ташкилотларнинг ўтган бир йиллик фаолияти бўйича ҳисоботлари ушбу электрон тизим орқали қабул қилинди.
Бироқ ярим йилга яқин вақт ўтаётган бўлишига қарамасдан, мазкур электрон тизимдан тўлиқ хабардор бўлмаганлиги, айрим ҳолларда эса бу тизимда ишлаш кўникмаси йўқлиги, баъзи ҳолларда эса эътиборсизлик билан муносабатда бўлганлиги сабаб ННТлар, шунингдек, янгидан ташкил этилаётган ташаббускор гуруҳлар томонидан юқорида қайд қилинган ҳужжатларни ҳамон почта алоқаси орқали юбориш ёки шахсан ўзлари келган ҳолда адлия бошқармасига топшириш ҳоллари давом этмоқда.
Бугунги кунда вилоят адлия бошқармасида 805 та нодавлат нотижорат ҳамда 307 та диний ташкилотлар давлат ва ҳисоб рўйхатидан ўтган. Демак, битта ташкилотдан бир кишидан келганда ҳам ҳисобот даврида минглаб одам бошқармага келиб юришига ҳожат йўқ.
Қолаверса, “e-ngo.uz” электрон тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклиф бериш имконияти ҳам яратилган.
Яратилган имкониятдан фойдаланиб, қимматли вақт ва харажатни тежашни қачон ўрганамиз?
Норқул САФАРОВ,
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлим бошлиғи.