Василий Бартольд: Бир олим, бир шаҳар, бир тарих

Таниқли шарқшунос олим, археолог ва тарихчи Василий Бартольднинг илмий қизиқишлари Самарқанд билан чамбарчас боғлиқ эди. 1904 йилда у шаҳар атрофидаги археологик қазишмаларга раҳбарлик қилиб, ўлка тарихига оид асосий асарлардан бирига айланган “Мўғуллар истилоси давридаги Туркистон” номли номзодлик диссертациясини ёқлаган. Шунингдек, В.Бартольд Самарқанднинг темурийлар даври тарихини ҳам ўрганишга ҳисса қўшган.
Афросиёб шаҳарчасини ўрганиш ва ёзма манбалар билан солиштириш унга Самарқанд тарихига оид бир қанча муҳим масалаларни ҳал этиш имконини берди. Умуман, Бартольд Самарқандга бағишлаб «1365 йилдаги Самарқанд халқ ҳаракати», «Самарқанд оссуарийлари (марҳумлар суяклари сақланадиган махсус жойлар) ҳақида батафсил», «1904 йилнинг ёзида Самарқандга бўлган саёҳат ҳақида ҳисобот», «Археологик мақсадларда Самарқандга саёҳат», «Жўйи Арзиз» каби кўплаб илмий мақолаларни ёзган.
1906 йилда Ўрта Осиёда содир бўлган зилзиладан кейин ҳукумат тарих ва маданият ёдгорликлари ҳолатини ўрганиш, уларни асраб-авайлаш бўйича таклифлар киритиш вазифаси юклатилган Н.И.Веселовский, В.А.Жуковский, В.В.Бартольддан иборат комиссияни тузди. Комиссия Амир Темур, Руҳобод мақбаралари, Улуғбек мадрасаси, Бибихоним масжиди ва бошқа обидаларни ўрганиш, ўлчаш ва суратга олиш ишларини ташкил этди.
Василий Бартольднинг мероси ниҳоятда кенг ва ранг-баранг. Минтақанинг тарихи, сиёсий, маданий ва иқтисодий ҳаёти, археология, этнография, нумизматика, дин ва бошқа кўплаб масалалари билан қизиққан олимнинг ажойиб истеъдоди, ғайрати ва меҳнат қобилияти унга осиёшунослик бўйича жуда кўп илмий ишларни яратишга имкон берди.
Олимнинг барча асарлари 1963 йилдан 1977 йилгача тизимлаштирилиб, тўққиз жилдда қайта нашр этилди. Ҳозирда библиографик асарлар Россия Федерацияси Миллий Фанлар Академияси кутубхонасидаги нодир коллекциялар фондида сақланиб келинади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.