“Ватан таянчи” отрядига қабул қилинган 120 нафар пастдарғомлик ўқувчига кўкрак нишонлар топширилди
Паст Дарғом туманида болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати аъзолигига қабул қилинган 51, 52, 54, 57, 63-умумтаълим мактаблари ва Паст Дарғом туман ихтисослаштирилган мактаби 10-, 11-синф ўқувчиларининг 120 нафарига “Ватан таянчи” кўкрак нишонларини тантанали топшириш маросими ўтказилди.
Тадбирда ҳарбий ватанпарварлик ҳаракатига масъул ташкилотлар вакиллари, ҳарбийлар “Ватан таянчи” отряди гуруҳларига аъзо бўлган 10-, 11-синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
- Самарқанддаги мактабларда таҳсил олаётган 10-, 11-синф ўқувчларининг 25 минг нафар иқтидорли ўғил-қизлари “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий ватанпарварлик ҳаракати отрядларига қабул қилинди, - дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусниддин Қобилов. – Бу ўқувчилар одоб-ахлоқи, Ватанга садоқати, ўқиши, интизоми ва жисмоний кўрсаткичлари билан ёшларга ўрнак бўлиб, тенгдошларига ҳам юқори натижаларга эришишда кўмаклашиб келмоқда.
Жойларда ўқувчилар билан ишлаш мақсадида Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, ДХХ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти тизимидаги масъуллар бириктирилган бўлиб, улар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Йил охиригача яна иқтидорли ўқувчиларнинг етти минг нафарини “Ватан таянчи” отрядларига қабул қилиш режалаштирилган.
Тадбир давомида буюк аждодларимиз акс этган саҳна кўринишлари, ҳарбий оркестр ҳамда ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган чиқишлар ёшларга байрамона кайфият улашди.