Ватанпарварлик ойлиги: “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша”
Юртимизда жорий йилнинг 15 декабридан 2021 йилнинг 15 январига қадар ўтказиладиган "Ватанпарварлик ойлиги" тарғибот тадбирлари ушбу шиор остида ташкил этилмоқда.
Ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолига мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни етказиш, Қуролли Кучларнинг салоҳиятини намойиш этиш мақсадида ўтказилаётган ойликнинг вилоятимиздаги тадбирлари бошланди.
Марказий ҳарбий округ Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмда ўтказилган тадбирда қисм командирлари, ҳарбий хизматчилар, фахрий ҳарбийлар ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.
- Бу йилги "Ватанпарварлик ойлиги" доирасидаги тадбирларда буюк бобомиз Жалолиддин Мангубердининг Ватан ҳимоясидаги жасорати, жангу жадаллардаги ҳарбий маҳорати бош ғоя сифатида белгиланган, - дейди ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, подполковник Шавкат Абдураҳимов. – Жалолиддин Мангуберди ҳарбий санъат бобида ўз даврида довруғи етти иқлимга кетган баҳодир бўлган. Бу йилги тарғибот тадбирларимизда буюк бобомизнинг кўрсатган қаҳрамонликларни ёшлар онгига сингдириш орқали уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, ҳарбийликка қизиқтириш, юрт олдидаги фарзандлик бурчини англатишни мақсад қилганмиз.
Тадбир давомида қисм ҳарбий хизматчилари томонидан тайёрланган Жалолиддин Мангуберди жанг саҳнаси, қўл жанги усталарининг кўргазмали чиқиши намойиш этилди. Тадбирга ташриф буюрган ёшлар қурол-аслаҳалар, ҳарбий техникалар билан бевосита танишди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳарбий бўлим бошлиғи Ҳусан Ғозиевнинг таъкидлашича, бу галги "Ватанпарварлик ойлиги" фақатгина туман ва шаҳарлар марказларида эмас, балки чекка ҳудудларда ҳам ўтказилади. Шу боис Ватанпарварлик карвонлари ташкил этилиб, чекка ҳудудларда ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилади. Шунингдек, ойлик доирасида ҳарбийлар ва ёшлар ўртасида китобхонлик танловлари, спорт мусобақалари ўтказилади.
Ватанпарварлик карвони Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий шаҳарчада йўлга чиқди. Илк манзил Жомбой туманининг олис ҳудудлари бўлади. Бир ой мобайнида вилоятнинг энг чекка ҳудудларида ҳам тарғибот тадбирлари бўлиб ўтади.
Алишер ИСРОИЛОВ.