Вазирлик ва идораларда 17,5 мингтага яқин штат бирлиги қисқартирилади
Бугун, “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” Президент фармони имзоланди.
Мазкур ҳужжатга кўра, вазирлик ва идораларда бюджет ва нобюджет маблағларидан молиялаштириладиган жами 17 447та бошқарув ва ишлаб чиқариш штат бирликлари қисқартирилмоқда (24 фоиз).
Шу жумладан, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўринбосарлари сони 207 нафардан 144 нафаргача (-63) ёки 30 фоизга қисқартирилмоқда.
Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ, 703 та автотранспорт воситаси ва 10 та бино бўшамоқда.
Мазкур чора-тадбирлар натижасида:
- штатлар сонини қисқартириш ҳисобига 1,5 трлн. сўм;
- автотранспорт воситалари сонини қисқартириш ҳисобига (шу жумладан, ёқилғи-мойлаш, шиналарни алмаштириш харажатлари) 70 млрд. сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинмоқда.
Вазирлик ва идораларда ходимларнинг умумий чекланган сони 56 573 нафар этиб белгиланмоқда.
Вазирлик ва идораларнинг нобюджет маблағларидан қўшимча бошқарув штатларни киритиш қатъиян тақиқланмоқда.